Интернетда Камбоджа ҳарбийлари артиллерияни ишга солгани, Таиланд F-16 русумли қирувчи самолётларини ҳавога кўтаргани акс этган видеолар тарқалмоқда.
Таиланд ва Камбоджа бир-бирини чегарада қуролли тўқнашув бошлашда айбламоқда. Reuters агентлиги маълумотига кўра, дастлабки отишмалар 24 июл куни тонгда икки мамлакат чегарасидаги баҳсли ҳудудда жойлашган Та Моан Тхом ибодатхонаси атрофида бошланган.
Таиланд томонига кўра, камбоджалик ҳарбийлар Оддар-Меанчей провинцияси ҳудудига разведка дрони учирган, шундан кейин баравар ўт очиш реактив тизимлари билан таиландлик ҳарбийларни ўққа тутган.
Таиланддаги Сурин провинцияси ҳукумати маълум қилишича, Камбоджа ҳарбийлари чегара ҳудуддаги аҳоли пунктларидан бирини артиллериядан ўққа тутиши оқибатида маҳаллий аҳоли вакилларидан икки нафари ҳалок бўлган. Таиланд армияси эса Камбоджа қўшини ўт очиши оқибатида икки нафар аскари яралангани ҳақида хабар берди.
Шу билан бирга, Камбоджа мудофаа вазирлиги Таиланд қўшини асоссиз босқин уюштирган ва Камбоджа кучлари «ўзини ҳимоя қилиш тартибида жавоб қайтаргани»ни айтмоқда.
Ҳар икки томон маълумотларига кўра, тўқнашувлар бошланганидан кейин Таиланд армиясининг F-16 русумли қирувчи самолётлари Камбоджадаги нишонларга ҳужум қилган. Таиланд армияси чегарадаги иккита ҳарбий объектга зарба берилганини маълум қилган. Ўз навбатида, Камбоджа мудофаа вазирлиги қирувчи самолётлар йўлга иккита бомба ташлагани ҳақида хабар берди. Камбоджа ҳарбийлари баёнотида «Таиланд қироллигининг Камбоджа суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши ақлсиз ва шафқатсиз ҳарбий тажовузи кескин қораланиши» айтилади.
Таиланд Таълим бошқармаси чегара зонасидаги барча таълим муассасаларини ёпди ва бутун минтақа бўйлаб фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш режаларини ишга туширди. Таиланд Камбоджа билан чегарада назоратни кучайтирди ва ўз фуқароларини Камбоджа ҳудудини тарк этишга чақирди.
Бунга жавобан Камбоджа Таиландга электр энергияси ва ёқилғи етказиб беришни, шунингдек, интернетга киришни чеклади. Чегаранинг Камбоджа томонида ҳам тинч аҳоли эвакуация қилинмоқда.
Икки давлат ўртасидаги навбатдаги кескинлик май ойида қисқа муддатли отишма пайтида камбоджалик аскар ҳалок бўлганидан кейин юзага келганди. Шу ҳафта Таиланд Камбоджани баҳсли ҳудудга миналар ўрнатишда айблади, натижада уч нафар аскар яраланган. Камбоджа бу айбловларни рад этиб, таиландлик аскарлар келишилган йўналишлардан четга чиққанини маълум қилган.






