Villa Vie Odyssey круиз кемаси дунё бўйлаб саёҳатини тўхтатди ва юзлаб йўловчиларни Камбоджага туширди. Кема оператори АҚШнинг Эрон билан уруши фонида ёқилғи нархи ошгани сабабли саёҳатни давом эттира олмаслигини билдирган.

27 октябр куни лайнер эгаси бўлган Американинг Villa Vie Residences компанияси фаолиятини қайта ташкил этишини маълум қилди. Йўловчилар учун соҳилда «вақтинча яшаш жойлари» қидирилиши бошланган.

Компания изоҳига кўра, феврал ойида уруш бошланганидан кейин ёқилғи сарфини камайтиришга ҳаракат қилинган – жумладан, лайнер тезлигини пасайтириш ва портларда тўхташларни кўпайтириш орқали. Аммо бу чоралар нархлар «фавқулодда» ўсишини қоплашга ёрдам бермаган. Villa Vie Residences маълумотларига кўра, Осиёнинг айрим ҳудудларида бир каюта учун ёқилғи харажатлари ойига 1,8 минг доллардан 8 минг долларгача ошган. Натижада компания энди қоплай олмайдиган зарарларга дуч келди.

Villa Vie Odyssey – 755 кундан буён дунё оша саёҳатни амалга ошираётган лайнер. Кема 2024 йил октябрида Шимолий Ирландиянинг Белфаст шаҳридан йўлга чиққан ва ўтган вақт мобайнида дунёнинг 147 мамлакатида бўлган. Йўловчиларга дунё бўйлаб «узлуксиз» саёҳат ваъда қилинганди. Уларга бортдаги каюталарни узоқ муддатга ижарага олиш ёки ҳатто доимий яшаш учун 120 мингдан 440 минг долларгача бўлган нархларда сотиб олиш таклиф қилинган.

Лайнер бортида ресторанлар, кафе ва барлар, клуб ҳамда концерт майдони, кутубхона, бизнес-марказ, ҳовуз, фитнес-марказ, спа-салони, ўйинлар учун майдон, шунингдек, кичик тиббиёт маркази ҳам бор.

Кема жами 650 кишига мўлжалланган. Аммо, Камбоджа расмийларига кўра, Сиануквил шаҳридаги портга келганида унинг бортида 203 нафар йўловчи ҳамда экипажнинг 156 нафар аъзоси бор эди. Айрим йўловчилар аллақачон мамлакатдан учиб кетишган, бошқалари эса лайнер сузишни давом эттиришидан умид қилиб Камбоджада қолмоқда.