Таиланд ва Камбоджа чегарасида иккинчи кундирки артиллерия ва авиациядан фойдаланган ҳолда жанглар давом этмоқда. Ҳалок бўлганлар ва ярадорлар сони – ҳам ҳарбийлар, ҳам тинч аҳоли вакиллари қўшиб ҳисобланганда юздан ошиққа баҳоланмоқда. Таиландда 100 мингдан ортиқ, Камбоджада 40 мингга яқин одам чегара ҳудудларидаги уйларидан эвакуация қилинган.
Жанглар Жануби-Шарқий Осиёнинг қоқ марказидаги Дангрек тоғларида икки давлат ўртасидаги баҳсли чегара бўйлаб кечмоқда.
Можаронинг ҳозирги босқичи 23 июл куни Таиланд аскари Камбоджа томонидан ўрнатилган минани босиб олиб портлаб кетиши ва оёғидан айрилиши билан бошланди. Ўша куни Таиланд Пномпендаги элчисини чақириб олди ва Камбоджа элчисини Бангкокдан чиқариб юборди.
24 июл тонгида чегарада отишма рўй берди. Таиланд томони версиясига кўра, камбоджалик аскарлар отряди мамлакат ҳудудига бостириб киришга уринган – ва ўт очиш билан қарши олинган. Камбоджа версиясига кўра, дастлаб таиландлик аскарлар ҳужум қилган. Камбоджа «Град» баравар ўт очиш реактив тизимларидан ўт очган — Таиланд томонига кўра, снарядлар аҳоли яшаш жойларига келиб тушган. Таиланд бунга жавобан нафақат артиллерияни ишга солди, балки ҳарбий авиация самолётларини ҳам ҳавога кўтарди. Икки томон бир-бирини тажовузкорлик, провокация ҳамда фуқаролик объектларига ҳам ҳужум уюштириш орқали ҳарбий жиноятлар содир этишда айбламоқда.
Можаро ҳали ҳам чегаравий бўлиб қолмоқда, аммо унинг тўлақонли урушга айланиш хавфи жуда юқори.
Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги можарога 100 йилдан ошди. У XX аср бошларида француз ҳинд-хитой мустамлакаси (ҳозирги Камбоджа, Лаос ва Ветнам) ва Сиам қироллиги (ҳозирги Таиланд) ўртасидаги чегарани белгилайдиган хариталардаги тафовутлар туфайли пайдо бўлган. Баҳсли ҳудудда Дангрек тоғларидаги бир нечта қадимий ҳинд ибодатхоналари, жумладан, IX асрда асос солинган Прэахвихеа жойлашган. Бу ибодатхона можаронинг рамзий марказига айланди.
1962 йилда Ҳаага халқаро суди ибодатхонанинг ўзини Камбоджага ҳукм қилди, аммо унинг атрофидаги ҳудуд баҳсли бўлиб қолди. 2008 йилда Прэахвихеа Камбоджанинг аризасига биноан ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Таиландда буни провокация сифатида қабул қилишди.
2008 йил ёзида иккала томон ҳам ибодатхона атрофида қўшин тўплай бошлади. Июл ойида биринчи қуролли тўқнашув юз берди, натижада бир неча аскар ҳалок бўлди. Кейинги йиллар давомида иккала давлат ҳам ўз позицияларини мустаҳкамлади, ҳарбий лагерлар қурди ва ҳудудни миналаштирди. Отишмалар мунтазам равишда бўлиб турган, баъзан ҳарбийлар ва тинч аҳоли орасида қурбонлар кузатилган.


















