Непал туризм бошқармасига таяниб BBC нашрининг хабар беришича, 26 август куни сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудда саёҳат қилаётган камида 384 нафар сайёҳ билан алоқа узилган. Уларнинг 291 нафари хорижликлар, жумладан, юздан ортиғи Ҳиндистон фуқароси, 17 нафари Малайзия фуқароси ва 12 нафари британияликдир.

Копия 112
Фото: Reuters

Бедарак йўқолганлар орасида Расува туманидаги гидроэлектр станцияси қурилишида ишлаган саккиз нафар Жанубий Корея фуқароси ҳам бор, деб хабар берди Yonhap. Яна 10 нафар кореялик ҳудуддан чиқа олмай, қутқарувчиларни кутмоқда.

Чоршанба оқшомига келиб 95 кишининг ўлими тасдиқланди, деб хабар берди AFP ва Reuters агентликлари Непал полициясига таяниб.

Непал пойтахти Катмандуда яшовчи хитойлик тадбиркор И Лёнг ўз компаниясига тегишли еттита контейнер ташувчи кема сув тошқини ҳудудида эканини айтди. Ходимлар билан барча алоқа узилган. Унинг сўзларига кўра, табиий офат ҳақида ҳеч қандай огоҳлантириш бўлмаган.

Копия 114
Фото: Reuters

«Бу ерларда, айниқса, ёмғирлар мавсумида вақти-вақти билан сел оқимлари ва кўчкилар бўлиб туради, аммо бу галгиси анча жиддийроққа ўхшайди», — деди тадбиркор.

Непал ташқи ишлар вазири Шишир Ханалнинг айтишича, дастлабки маълумотларга кўра, кутилмаган сув тошқинига кўчки сабаб бўлган, кўчки эса ўз навбатида чоршанба куни эрталаб, маҳаллий вақт билан тахминан соат 8:37 да юз берган зилзила туфайли келиб чиққан.

Потсдамдаги Гелмголс маркази (Германиядаги геология фанлари тадқиқот маркази) чоршанба куни эрталаб Непалда 4,4 магнитудали зилзилани қайд этган.

Катмандудаги Тоғли ҳудудларни комплекс ривожлантириш халқаро маркази ходими Сянгун Чжан ва бошқа олимларнинг фикрича, сув тошқинига Непал томонидаги Лхенде-Кхола дарёсига қор кўчкисининг тушиши туртки бўлгани тахмин қилинмоқда.

Непал ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, вайронагарчиликлар нафақат Непалда, балки Хитойда ҳам кузатилмоқда ва ҳар икки давлат ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирмоқда. 70 дан ортиқ ҳарбий ва полициячи, шунингдек, божхона ва чегара назорати ходимлари бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.