Бир йил олдин, Украина қуролли кучлари Курск областига бостириб киришга тайёргарликни якунлаётганида, РФ қуролли кучлари Авдийивка ғарбидаги Прогресс қишлоғи атрофида украинлар мудофаасини ёриб ўтган ҳамда Покровск томон ҳаракатланганди. Бу юриш мақсади – шаҳарнинг ўзи эмас (шаҳар йўналишидаги манёвр чалғитувчи ҳаракат бўлиб чиқди), Донбасснинг жанубий қисми эди. Аммо Покровскнинг ўзи ҳам таҳдид остида турарди. Бугунги кунга келиб Россия армияси унинг чеккаларига етиб келган. Покровскка жанубдан РФ қуролли кучлари разведкачилари кирмоқда; шимолда эса шаҳарни бошқа бир гуруҳ айланиб ўтишга уринмоқда, унинг мақсади шаҳарни Донбасснинг шимолидан узиб қўйиш ҳисобланади. Ва Украина қуролли кучлари учун хавф шу билан тугамайди. Покровск шарқидаги мудофаа чизиғида юзага келган ўша бўшлиқ орқали РФ қуролли кучлари шимолга ҳам юриш қилмоқда. Катта эҳтимол билан, бу юришнинг асосий мақсади – Краматорск ва Словянск агломерациясига чиқиш ҳисобланади. Ушбу шаҳарларнинг эгалланиши Кремл учун катта сиёсий аҳамиятга эга: бу Донбасс устидан тўлиқ назорат ўрнатилганини эълон қилишга имкон беради. Бу вақтда Украина қуролли кучлари мамлакат шимоли-шарқида Суми областига бостириб кирган бўлинмаларни чегара ортига суриб ташлаш учун катта қўшин ушлаб туришга мажбур бўлмоқда.

Покровск ва Константиновка

Россия қўшинлари июл ойи ўрталарида Покровскдан шимоли-шарқдаги Новоэкономическое посёлкасининг бир қисмини эгаллаб, Покровскни шимолдаги Доброполе билан боғловчи йўл бўйида жойлашган Родинскийга яқинлашганди. Бу эса Покровск–Мирноград агломерациясини шимолдан ўраб олиш хавфини туғдиради. Агар Родинский ҳам эгалланса, Покровск Украинанинг асосий қисми билан фақат анча ғарбда жойлашган Днипро шаҳрига борувчи йўл орқали боғланади. Бундай коммуникация эса Покровск штурми бошланган тақдирда, шаҳар ҳимоясидаги қўшинларга таъминот етказиб бериш учун етарли бўлмаслиги мумкин.

РФ қуролли кучлари эса шаҳарни штурм қилишга тайёрланмоқда: шаҳар жанубий чеккасидаги назорат ҳудуди кенгайтирилмоқда ва шаҳар ичкарисига разведкачи гуруҳлар юборилмоқда. Бундан ташқари, украинлар баҳор давомида амалга оширган қарши ҳужумларга қарамай, РФ қуролли кучлари шаҳар ғарбидаги Котлино ва Удачное посёлкалари ҳудудида ташкил этилган плацдармни сақлаб қололди. Штурм бошланганида Россия қўшинлари шу ердан туриб Покровск–Днипро йўли йўналишида ҳужум қилиб, шаҳар тўлиқ қуршовга олиниши хавфини юзага келтириши мумкин.