Ушбу автосалон арзонга машина олиб беришни ваъда қилиб, қисқа муддат ичида 150 дан ортиқ одамни чув туширган ва 2,5 млрд сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган. 1 август куни ЖИБ Чилонзор туман судида автосалоннинг 3 нафар вакилига ҳукм ўқилди. Kun.uz мухбири суд йиғилишидан репортаж тайёрлади.
«Pr premier-avto» 2022 йилда автомобиллар ва енгил моторли транспорт воситаларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи фирма сифатида давлат рўйхатидан ўтган. Шунга қарамай, автосалон оғир юк автомобиллари савдоси билан ҳам шуғуллангани айтилмоқда.
Автосалон одамларга 1,5 ойдан 3 ойгача бўлган муддатда машина чиқариб беришни ваъда қилган. Мижозларни ишонтириш учун «Ўзавтосаноат» билан шартномаси борлигини айтган. Арзонлиги ва бошқа қулай шартларига ишонганлар эса бирйўла 2-3 та автомобилга ҳам тўлов қилган. Суд ҳукми олдидан бир неча жабрланувчи ушбу фирмага қандай алдангани ҳақида сўзлаб берди.
«Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган “Pr premier-avto” автосалонини OLX сайти орқали кўриб, уларнинг манзилига бордим. Улар йиллик 8 фоиз насия савдо бўйича машина чиқариб беришларини айтишди. Шундан кейин мен Cobalt автомашинасига 62 миллион 500 минг сўм миқдорида бошланғич тўлов қилиб, қолганини йиллик 8 фоиз ставкаси бўйича 3 йил муддатда тўлаш учун шартнома туздим. Кейин уларнинг ходимлари “Kaпиталбанк”да тўлов қилдиришди ва 2 ой муддатда машинамизни чиқариб беришни айтишди. Орадан шунча муддат ўтиб сўрасак, баъзи эҳтиёт қисмлари етишмаётгани сабабли машиналар кечикаётгани ҳақида маълумот беришди.
Яна озгина кутдик. 3 ой, 4 ой. Бўлмади. Охири борганимизда, “Pr premier-avto” автосалони ёпилганини кўрдик», – дейди Самариддин Абдусалимов.
Бухоролик Аваз Тоштемиров ҳам алданганлардан бири. Унга машина 90 кунда топширилиши айтилган.
«2023 йил 13 декабр куни “Pr premier-avto” автосалонига Cobalt машинаси учун 46 миллион 851 минг пул тўлаган эдик. “90 иш куни мобайнида оласизлар”, деди. 89-кунгача алоқада бўлдик. 90-куни алоқа узилди», – дейди у.
Жабрланувчи машинанинг ойлик тўловлари арзон чиққани ҳамда банк орқали тўлаётгани учун автосалонга ишонган.
Бошқа бир жабрланувчи Нурбек Ибодуллаев эса автосалон фаолиятини ярим йилча кузатган. Аммо бу уни автосалон тузоғидан сақлаб қололмаган ва у ҳам шартнома тузган.
«Ижтимоий тармоқлар орқали кўрдим, шартлари ёқди. Кейин 2023 йил феврал ойида Cоbalt учун 50 млн сўм тўладим. 45 иш кунида чиқади дейишганди. Мана, 1 йилдан бери сарсон бўлиб юрибмиз. 5-6 ой кузатгандим. Ёпилмаганидан кейин тўғри ишлаяпти экан, деган фикр билан тўлов қилгандим», – дейди у.














