Германия Ташқи ишлар вазирлиги Владимир Путин 1994 йилда – «Россия чегаралари ҳеч қаерда тугамайди» деган машҳур иборани айтишидан ва Украинанинг бешдан бир қисмини босиб олишидан анча олдин Россия ҳудуди тушунчасини кенг талқин қилганидан далолат берувчи ҳужжатни ошкор қилди. Унинг 1994 йилдаги баёнотига кўра, у нафақат Қрим ва шарқий Украинани, балки Қозоғистоннинг шимолий қисмини ҳам Россияга тегишли деб ҳисоблайди.
1994 йилда Владимир Путин Германиянинг Санкт-Петербургдаги бош консулига Қрим, Украина шарқи ва Қозоғистон шимолини Россиянинг бир қисми деб ҳисоблашига ишора қилган. Консулнинг хизмат эслатмаси Германия Ташқи ишлар вазирлигининг 1994 йилдаги ҳужжатлари билан «Германия ташқи сиёсати ҳужжатлари»нинг янги жилдида чоп этилган. Der Spiegel журнали китоб билан танишиб чиқди.
Хизмат хатига кўра, 1994 йил 14 январда Путин Германия бош консулига «Қрим, Украина шарқи ва Қозоғистон шимоли Россия учун ҳеч қачон бегона бўлмагани, улар ҳар доим Россия давлатининг бир қисми бўлгани» ва «ҳеч бир россияликка энди бу чет эл эканини тушунтириб бўлмаслиги»ни айтган. Гап гўёки немислар тушуниши қийин бўлган қандайдир миллий туйғу ҳақида кетмоқда, дея қўшимча қилган Путин. У бу ҳақда биринчи марта гапираётгани йўқ, деб таъкидлайди бош консул ўз мактубида.
Агар, деб давом этган Путин, русларнинг Украина ва Қозоғистондаги иқтисодий ва ижтимоий аҳволи қониқарли бўлса, унда «муаммо йўқ». Аммо унинг ўша пайтдаги баҳосига кўра, ҳолат бундай эмасди – ва бу одамларни Владимир Жириновский каби ўнг популистларга жалб этган. Путин Ғарбдагилар аслида «Россия манфаатларининг оқланган ҳимояси» бўлган нарсани «рус империализми» деб атамаслиги кераклигини қўшимча қилган.
1991–1995 йилларда ГФРнинг Санкт-Петербургдаги бош консули дипломат Эберхард фон Путкамер эди, у олти йил олдин вафот этган. Владимир Путин 1994 йил январ ойида Санкт-Петербург мэрининг ўринбосари ва шаҳар ташқи алоқалар қўмитаси раҳбари бўлган.
Путиннинг ўша пайтдаги раҳбари Анатолий Собчак (кейинчалик Путин уни устоз ва дўст деб атаган) 1992 йилда СССР парчаланганидан кейин унинг таъсисчи республикалари советлардан олдинги чегараларга қайтиши кераклигини, «қолган ҳудудий ютуқлар эса муҳокама мавзуси» эканини айтган. Собчак Қрим Украинаники бўлиб қолишини «бемаънилик» деб атаган ва Украина ўз армиясини яратишига тўсқинлик қилиши кераклиги, акс ҳолда у «уни албатта ишга тушириши»ни таъкидлаган.














