Москвада «Крокус Сити Ҳолл»даги теракт иши бўйича суд бошланди. 2024 йил 22 март куни «Пикник» гуруҳи чиқиши бошланиши арафасида террорчилар Москва чеккасидаги концерт залига бостириб кириб, мухлислар ва бинода ишловчи ходимларни ўққа тутганди. Бинода йирик ёнғин чиққан, теракт оқибатида 149 киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган. Тергов маълумотларига кўра, 600 дан ортиқ киши яраланган ва жароҳатланган. Етказилган зарар миқдори 5,7 млрд рублни ташкил этди.
19 киши суд қилинмоқда: булар тўрт нафар ижрочи ва уларга «ёрдамлашган» 15 киши. Терактнинг бевосита ижрочилари сифатида Тожикистоннинг тўрт фуқароси – Далержон Мирзоев, Саидакром Ражабализода, Шамсиддин Фаридуний ва Муҳаммадсобир Файзов айбланмоқда. Судда тўрталаси ҳам ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди ва жабрланувчилардан кечирим сўради, деб ёзади ТАСС.
Жабрланувчилар адвокати Людмила Айварнинг айтишича, суд мажлисида судланувчиларнинг шахсига оид материаллар ўрганилади, шундан сўнг давлат айбловчиси уларни ҳибсга олиш муддатини яна 6 ойга узайтиришни сўрайди.

Жиноят иши бўйича яна 15 киши тергов қилинмоқда, айблов томони уларни террорчиларнинг шериклари деб ҳисобламоқда. Улардан 8 нафари айбига қисман иқрор бўлган, 7 нафари айбловни рад этган.
Ингушетиялик Ҳусен Медов ва Жабройил Аушев бўш патронлар билан отишга мослаштирилган қуролни жанговар қуролга айлантиришда айбланмоқда. Беш нафари – Шаҳромжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Ҳусайн Ҳамидов ва ака-ука Умеджон ва Мустақим Солиевлар – терактнинг эҳтимолий ижрочиларига қурол ва ўқ-дорилар етказиб беришгани айтилади.
Айблов хулосасига кўра, яна тўрт киши – Ёқубжони Давлатхон Юсуфзода, Назримад Лутфуллоий, Жумахон Қурбонов ва Муҳаммад Зоир Шарифзода қолганларни пул билан таъминлаган.
Алишер Касимов уйни асосий айбланувчиларга ижарага берган. Тергов версиясига кўра, у квартирадан «Крокус»га ҳужумга тайёргарлик кўриш учун фойдаланаётганидан хабардор бўлган. Исроил Исломов ва унинг ўғиллари Диловар ва Аминчон янгиликларда теракт ижрочилари «Reno» автомобилида воқеа жойидан қочиб кетганини кўриб, полицияга ўзлари келишган. Улар «Крокус»га ҳужум қилинишидан бир неча кун олдин сотилган машинани танишганди. 2024 йил август ойида ҳибсга олиш муддатини узайтириш бўйича суд мажлисларидан бирида Касимов шундай қичқирганди: «Майли, бизнинг айбсиз эканимизни билиб олишсин».

















