Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 август куни Туркманбоши шаҳридаги «Аваза» миллий туризм ҳудудида ўтаётган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этди.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, шунингдек, бошқа қатор давлат ва ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, иқтисодиётни трансформация қилиш, иқлим ўзгариши ва экологик таҳдидларга бардошлиликни ошириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари сўзининг аввалида Туркманистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, глобал ва минтақавий барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.

Конференцияда муҳокама қилинаётган масалалар ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эканини, чунки денгиз портларидан жўғрофий узоқлик ва бир неча мамлакат ҳудудларини кесиб ўтиш зарурати бир қатор объектив муаммоларни келтириб чиқараётганини таъкидлади.

Тарифларнинг юқорилиги, транспорт йўлаклари ва инфратузилмасининг чекланганлиги, бошқа мамлакатларнинг божхона-транзит сиёсатига қарамлик шулар жумласидан.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, катта транспорт харажатлари ва транзитнинг беқарорлиги туфайли Марказий Осиё минтақаси ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизигача йўқотмоқда.

Логистика харажатлари товарлар қийматининг 60 фоизигача қисмини ташкил этади, бу эса жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан бир неча баробар юқоридир.

Шу муносабат билан янги ишончли транзит йўлаклари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш Марказий Осиёда барқарор тараққиётнинг муҳим шартига айланмоқда.

– Бугун бизни бирлаштирган кун тартиби фундаментал масала – адолат масаласига дахлдордир. Бу – денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган давлатларга жаҳон иқтисодиётида тенг шароитларда иштирок этиш имкониятини таъминлашдир, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Шу билан бирга, ушбу долзарб муаммони ҳал қилиш учун учта принципиал шартни бажариш лозим.