Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп Россиянинг «соядаги флоти»га қарши санкцияларга тайёр
АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путинга уни Украинадаги урушни тугатишга мажбурлаш учун «жазо чоралари» билан таҳдид қилди, деб ёзди Financial Times газетаси 5 август, сешанба куни манбаларга таяниб. Хусусан, бу Россия Федерациясининг «соядаги флоти»га қарши санкцияларга тегишли бўлиб, агар Москва 8 августгача ўт очишни тўхтатишга рози бўлмаса, Вашингтон уларни қўллаши мумкин, дея аниқлик киритади нашр.
Агар халқаро чекловларни четлаб ўтган Россия нефтини олиб кетаётган кемалар қора рўйхатга киритилса, Трамп жорий йилнинг январ ойида Оқ уйга қайтганидан бери АҚШ Россияга нисбатан биринчи марта санкциялар киритади, дея таъкидлайди мақола муаллифлари.
Нашрга номи ошкор этилмаган икки манбанинг айтишича, АҚШнинг Россиянинг «соядаги флоти»га қарши санкциялари Россиянинг йўқотишларга дучор бўлишини таъминлаш учун биринчи осон қадам сифатида кўрилмоқда. Журналистларга учинчи манбанинг таъкидлашича, «соядаги флот»га қарши санкциялар Трамп маъмурияти кўриб чиқаётган чеклов чораларининг бир нечта вариантларидан бири холос.
Июл ойида ЕИ Россия «соядаги флоти»нинг санкция остидаги кемалари рўйхатини 415 тагача оширди ва унга яна 100 та танкерни қўшди.
Сирский: Россиянинг мақсади - йил охиригача яна 10 та дивизияни тузиш
Киевга кўра, Россия Украинага қарши ўз томонида жанг қилаётганлар сонини ойига 9 минг кишига оширмоқда. Шу билан бирга, Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Россия раҳбариятининг мақсади сифатида жорий йил охиригача ўнта янги дивизия ташкил этишни келтирди. Унинг сўзларига кўра, улардан иккитаси аллақачон тузилган. Бу ҳақда Сирский 5 август, сешанба куни Украина Қуролли кучларининг июл ойидаги фаолияти якунларига бағишланган йиғилишдан сўнг Facebookʼдаги постида ёзган.
Россия контингенти сони ортиб бораётгани фонида Киевнинг сафарбарлик тадбирларини давом эттириш, жанговар тайёргарликни яхшилаш ва қўшинларнинг учувчисиз таркибини кучайтиришдан бошқа чораси йўқ, деди Сирский.
Унинг сўзларига кўра, июл ойи Украина учун жуда кескин ой бўлди, чунки Россия армияси «деярли барча жанговар ҳаракатлар чизиғи бўйлаб олдинга силжишга ҳаракат қилди». Шу билан бирга, руслар кичик ҳужумкор гуруҳларни ҳужум қилиш учун ишлатиб, «майда кесиш» тактикасини қўллади.














