Парфюм бу фақат ҳид эмас. У сизнинг кимлигингиз, қандай кайфиятда эканлигингиз ва ҳатто бошқаларга қандай таъсир қилишни хоҳлаётганингизни ифодалайди. Аёллар танлаган атирлар нафақат онгли, балки онгсиз истаклари, кечмиш тажрибалари ва руҳий эҳтиёжлари билан чамбарчас боғлиқ. Замонавий психология бу жараённи ҳид ва шахсият ўртасидаги нозик психологик алоқа сифатида изоҳламоқда. Ҳар бир атир нотаси остида хотиралар, истаклар ва эҳтирослар яширинган.
Атирлар қандай кучга эга?
Парфюм бурун орқали миянинг лимбик тизимига бевосита таъсир қилади. Бу тизим эса хотира, ҳис-туйғу, хулқ-атвор ва қарор қабул қилиш учун масъул бўлган марказдир. 2016 йилда Journal of Advanced Research нашрида эълон қилинган тадқиқотга кўра, лаванда, садр ёғочи, цитрус ва ванил каби ҳидлар инсон кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади, кортизол (стресс гормони) даражасини пасайтиради ва инсоннинг ўзига бўлган ишончини оширади.
Парфюм шунчаки ҳис-туйғуларни уйғотибгина қолмай, балки уларни бошқаришга ёрдам беради. Масалан, инсон ўзини асабий, чарчаган ёки тушкун ҳис қилганда, маълум бир атирни сепиш орқали кайфиятни ўзгартириши, ўзини “яхшироқ” ҳис қилиши мумкин. Бундай ҳолатларни баъзи мутахассислар “ҳиссий рекалибрация” деб аташади, яъни ҳид орқали руҳий ҳолатни тиклаш. Шунингдек, бу жараён кўпинча онг остида юз беради. Яъни, инсон ўзига маъқул бўлган атирни танларкан, у буни фақат ҳиднинг ёқимлилиги учун эмас, балки у берадиган ташқи ва ички сигналлар: хавфсизлик, ишонч, жасорат, жозиба ёки осойишталик учун танлайди.
Атир танлови – нафис дидми ёки ички эҳтиёж?
Психологларнинг фикрича, аёл танлаган парфюм орқали нафақат ўзининг ҳозирги ҳолатини, балки қандай қиёфада кўринишни исташини ҳам билдиради. Тадқиқотчи Вим Жанссенс томонидан ўтказилган тажриба натижаларига кўра:
- Гулли ноталарни танлаганлар одатда нафислик ва романтикани қадрловчи, ҳис-туйғуларга бой аёллардир.
- Ёғочсимон ва ерга яқин ноталар мустақил, мулоҳазали ва ўз қоидалари билан яшайдиган шахсларга хосдир.
- Мевали ва ширин ҳидларни афзал кўрганлар эса кўпроқ очиқкўнгил, қувноқ ва ижтимоий фаолликка мойилдир.
- Аёллар учун ҳам, эркаклар учун ҳам мос келадиган парфюмлар эса гендер стереотипларидан четда бўлишни хоҳлайдиган, ўзига хос шахсият эгаларига хос.
Шундай қилиб, парфюм бу шунчаки косметик восита эмас, балки психологик ниқоб, имиж ва ички дунёнинг бир шаклидир.
















