Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан рангли металл парчаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Навоий вилояти божхона бошқармаси.

Ички ишлар идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Кармана туманида фуқаро Қ.Б. бошқарувида бўлган “ISUZU” русумли юк автомашинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина юкхонасида фуқаро Қ.Ж тегишли алюмин ва рух (цинк) рангли металл чиқиндилари борлиги аниқланди.
Кўздан кечириш давомида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган рангли металл парчаларининг оғирлиги салкам 1,7 тоннани, қиймати эса 5,3 млн. сўмни ташкил қилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси. “Сирдарё” чегара-божхона постида қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Н.Ж. бошқарувидаги енгил автомашина холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганида, автомашинага йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган турли ўлчамдаги оптик толали кабеллар, модем ва бошқа локал тармоқларни улашда қўлланиладиган техник воситалар ортилганлиги маълум бўлди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ушбу товарларнинг тахминий қиймати салкам 290 млн. сўмни ташкил қилди.
Худди шу куни мазкур постда Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда парфюмерия воситаларининг ноқонуний олиб кирилиши фош қилинди.


















