Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёнлари шиддат билан кечмоқда. Электрон тижоратнинг ўсиш суръати, давлат хизматларининг рақамлашуви ва интернет фойдаланувчилар сонининг ортиши бизнес учун улкан имкониятлар билан бирга янги чақириқларни ҳам келтирмоқда. Мижозлар тез, қулай ва тушунарли мулоқотни кутаётган бир пайтда, компаниялар уларнинг эҳтиёжларига мос равишда мижозлар билан муносабатни қайта кўриб чиқишига тўғри келяпти.

Яқин йилларда Ўзбекистонда электрон тижорат бозори янада катталашади. Расмий маълумотларга кўра, 2027 йилга бориб фақат маҳаллий маркетплейслар орқали амалга ошириладиган савдо ҳажми 1 млрд доллардан ошиб кетади. Бу рақамлар шундан далолат берадики, рақамли муҳитда фаолият юритувчи ҳар бир бизнес учун мижоз билан мулоқот стратегияси асосий рақобат қуролига айланмоқда.

Шу билан бирга, мижозларнинг мулоқотга бўлган муносабати ҳам ўзгармоқда. Улар SMS ёки телефон қўнғироғи орқали эмас, Telegram, WhatsApp, Instagram каби мессенжерлар орқали савол беришни, маълумот олишни ёки буюртма қилишни афзал кўришмоқда.

Тармоқларга бўлиниб кетган хизматлар — ишончсизлик сабаби

Ҳозирги кунда кўплаб компаниялар бир нечта алоҳида хизматлар — масалан, алоҳида SMS платформаси, колл-марказ, ижтимоий тармоқлар учун SMM менежер каби хизматлардан фойдаланади. Аммо ушбу усуллар тезкор, яхлит ва самарали мулоқот учун ноқулайлик келтириб чиқаради: мижоз сўровига кеч жавоб бериш, икки марта бир хил хабар юбориш, мурожаат тарихини йўқотиш каби ҳолатлар кўп учрайди.

Айнан шундай муаммоларни ҳал этиш учун дунёда омниканал платформалар яратилди.

Омниканал платформа нима ва нима учун муҳим?

Омниканал платформа – бу барча алоқа каналларини (SMS, электрон почта, мессенжерлар, қўнғироқлар ва бошқалар) ягона тизимда бирлаштирувчи технологик ечимдир. Бундай платформа орқали компаниялар:

· мижознинг аввалги мурожаатларини кўради,

· қайси канал орқали мулоқот қулай эканини аниқлайди,

· автоматлаштирилган жавоблар орқали тезкорликка эришади,

· ортиқча такрорий хабарларни юбормайди.

Яъни бизнес – мижоз билан реал вақтда, контекст асосида, узлуксиз мулоқот қуриш имкониятига эга бўлади.