Жаҳон | 07:29 / 09.08.2025
1640
2 дақиқада ўқилади

WP: АҚШ Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича танқидини юмшатади

The Washington Post нашрининг ёзишича, Трамп маъмурияти Россия, Исроил ва Салвадорда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги ҳисоботларни қисқартириб, маҳбусларга нисбатан зўравонлик ҳақидаги ҳаволаларни олиб ташлаган.

Фото: Celal Gunes/AA/picture alliance

The Washington Post (WP) нашрига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти маҳбусларга нисбатан зўравонлик, коррупция ҳамда Россия, Исроил ва Салвадорда даъво қилинган бошқа қонунбузарликлар ҳақидаги хабарларни олиб ташлаш ёки юмшатишни режалаштирмоқда. Уч мамлакатда инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик ҳисоботлар лойиҳаси Жо Байден маъмурияти томонидан 2024 йилда тайёрланган шунга ўхшаш ҳужжатлардан сезиларли даражада қисқа бўлиб чиқди, деб ёзади Вашингтон газетаси ўзида мавжуд матнларга таяниб.

Давлат департаменти ҳисоботлари лойиҳаларида Қўшма Штатлардан депортация қилинган муҳожирларни қамоқда сақлашга рози бўлган Салвадор ҳақида айтилишича, 2024 йилда бу мамлакатда «инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ҳақида ишончли хабарлар» йўқ. Бироқ Давлат департаментининг Салвадор бўйича 2023 йилги аввалги ҳисоботида «жиддий инсон ҳуқуқлари муаммолари, жумладан, ҳукумат томонидан рухсат этилган қамоқхоналар ва қийноқлар»га ишора қилинган.

Исроилга оид ҳисобот лойиҳасида аввалги ҳисоботда тилга олинган коррупция ёки суд мустақиллиги билан боғлиқ муаммолар ҳақида сўз юритилмаган. Бундан ташқари, Исроилнинг фаластинликларни яширин кузатиши ва уларнинг ҳаракат эркинлигини чеклаши ҳолатлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Давлат департаменти ушбу ҳужжатларга изоҳ беришдан бош тортди. Нашрга исмини ошкор қилишни истамаган мулозимнинг айтишича, ҳисоботлар ўқилишини яхшилаш, такрорий жумлаларни олиб ташлаш ва қонун талабларига мувофиқлаштириш мақсадида қисқартирилган. «Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисобот асосий масалаларга қаратилган», деб тушунтирди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид