Бу баёнот 15 август куни АҚШда Владимир Путин билан учрашиб, Украинадаги урушни якунлаш истиқболларини муҳокама қилишни режалаштираётган АҚШ президенти Доналд Трампга жавоб сифатида янгради. Бир кун олдин Трамп бунинг учун Москва ва Киев «ҳудудлар алмашинуви»ни амалга ошириши кераклигини айтганди.
Европа давлатлари етакчилари ва Еврокомиссия раҳбари 15 август куни Аляскада бўлиб ўтадиган АҚШ ва Россия президентлари учрашуви арафасида Украинанинг Европадаги иттифоқчиларининг умумий позициясини эълон қилиб, қўшма баёнот берди.
Коммюнике шанба куни кечқурун, Доналд Трамп Украина билан урушни тугатиш истиқболларини муҳокама қилиш учун Владимир Путин билан учрашув жойи ва санасини эълон қилганидан бир кун ўтиб эълон қилинди. Трампнинг версиясига кўра, сулҳ тузилиши учун, хусусан, Москва ва Киев ўртасида «ҳудудлар алмашинуви» талаб этилади.
Трамп ўшанда нимани назарда тутаётганига аниқлик киритмаган, бироқ Wall Street Journal нашрининг Трампнинг махсус вакили Стив Уиткоффнинг 6 август куни Москвада Путин билан музокаралари натижаларидан хабардор бўлган манбалари журналистларга Путин гўёки Украина Донецк ва Луҳанск областларидан воз кечиши эвазига сулҳ тузишга тайёрлигини айтишган.
Шанба куни иттифоқчилар бир-бирлари ва Киев билан умумий позицияни муҳокама қилишди. Зеленский Европа давлатлари раҳбарлари билан бир неча бор телефон орқали мулоқот қилганини маълум қилди. Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак ва Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров Буюк Британияга учиб борди, у ерда ташқи ишлар вазири Дэвид Лэммининг шаҳар ташқарисидаги қароргоҳида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳамда Европа давлатлари раҳбарларининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан учрашув ўтказилди.
Европадагилар президент Трампнинг Россиянинг Украинадаги агрессив урушини тўхтатиш ва адолатли тинчликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлайди, дейилади Франция, Финландия, Германия, Буюк Британия, Италия ва Полша етакчилари ҳамда Еврокомиссия раҳбарининг қўшма баёнотида.
«Биз бу ишни дипломатик саъй-ҳаракатлар билан қўллаб-қувватлашга, шунингдек, Украинага, жумладан, „Кўнгиллилар коалицияси“ орқали муҳим ҳарбий ва молиявий ёрдамимизни давом эттиришга тайёрмиз», – дейилади баёнотда.
Аммо «муҳим музокаралар фақат ўт очишни тўхтатиш ёки ҳарбий ҳаракатларни қисқартириш шароитида ўтказилиши мумкин», «тинчлик сари йўл Украинанинг иштирокисиз белгиланмайди», «халқаро миқёсда тан олинган чегараларни куч билан ўзгартириш мумкин эмас», дея илгари эълон қилинган позицияни бир неча бор такрорлаган коммюнике муаллифлари.
Шанба куни эрталаб Украина президенти Володимир Зеленский ҳам бу ҳақда маълум қилди. У Украинанинг ўзини бундай музокараларда иштирок этмасдан туриб, унинг келажагини муҳокама қилиш мумкин эмас деб ҳисоблашини такрорлади ва Киев Россия билан ҳар қандай ҳудуд алмашинувига йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблашини билдирди.









