Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Белгород ўққа тутилиши, Байденни судга бермоқчи бўлаётган Мелания ва Суданда эпидемия – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Россия бўйлаб дронлар ҳужуми
14 август тонгида Ростов-Дон шаҳри марказидаги кўп қаватли уйга учувчисиз учар қурилма келиб урилган. Ростов области губернатори вазифасини бажарувчи Юрий Слюсарнинг сўзларига кўра, ҳужум натижасида 13 киши жароҳатланган, шундан икки нафари болалар. Яраланганларнинг олти нафари шифохонага ётқизилган, камида икки нафари оғир аҳволда.
Телман ва Лермонтов кўчалари ҳудудидаги 10 та уйга зарар етган – уларнинг ойналари синган ва балконлари шикастланган. Теlegram-каналларда камида битта уйнинг томи қисман шикастлангани акс этган фотосуратлар эълон қилинди. Уйлардан 212 киши эвакуация қилинди.
Украина қуролли кучлари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штабини нишонга олган, аммо дрон шаҳар маркази устида йўналишини кескин ўзгартирган, бунга катта эҳтимол билан радиоэлектрон кураш воситалари ишга тушгани сабаб бўлган.
Белгород шаҳри эса қаторасига иккинчи кун зарбалар остида қолди. Губернатор Вячеслав Гладковнинг хабар беришича, кун давомида тўрт марта дронлар област маъмурияти биносига учиб келган.
Шу куни шаҳар устида кўплаб дронлар учиб юрган, ҳарбийлар шаҳар марказига олиб борувчи йўлларни тўсиб қўйган. Тармоқларда йўлда ҳаракатланаётган автомобилга дрон урилгани, шунингдек, савдо марказларидан бирига кетма-кет дронлар ҳужум уюштиргани акс этган кадрлар тарқалган.
Шунингдек, Волгоград нефтни қайта ишлаш заводига дронлар орқали зарба берилган ва ҳудудда ёнғин чиққан.
Аляска саммити арафаси
Бу вақтда Россия–Украина урушини тинч йўл билан ҳал қилиш йўлида навбатдаги босқич – Аляскада ўтадиган АҚШ–Россия саммитига тайёргарлик кўрилмоқда. Айни вақтда музокаралар ўтадиган Анкориж шаҳрига Россиядан илк самолёт келиб қўнган. Москвадаги Внуково аэропортидан учган Ил-96 самолёти бортида катта эҳтимол билан Путин ва Трамп учрашувига тайёргарлик кўриш билан шуғулланувчи «гуруҳлардан бирининг вакиллари» бўлган.
Учрашув Анкориждаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида маҳаллий вақт билан 15 август куни соат 11:30 да, Тошкент вақти билан 16 августга ўтар кечаси бошланади.
Музокаралар якунида Трамп ва Путин қўшма матбуот анжумани ўтказади. РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, муҳокамаларнинг марказий мавзуси «Украина инқирозини ҳал қилиш» бўлади, бироқ президентлар Россия ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик масаласига ҳам тўхталиб ўтади.
Бу саммит арафасида Европа етакчилари Трамп билан виртуал мулоқот ўтказди. АҚШ президенти Украина ҳудудлари тақсимланиши масаласини Украина иштирокисиз муҳокама қилмасликка ваъда берган. У учрашувдаги мақсади ўт очишни тўхтатиш эканини айтган. Учрашув муваффақиятли ўтса, тезда Володимир Зеленский иштирокидаги навбатдаги музокаралар ташкил этилади.
Оқ уйдаги матбуот анжуманида Трамп Россияни тинчлик шартномасини имзолашга кўндириш учун Европа ҳудудидаги НАТО қўшинлари таркибини қисқартиришга рози бўлиши мумкинлигини истисно этмаган.
Мелания Трамп Байденнинг ўғлини судга бериши мумкин
АҚШ биринчи хоними Мелания Трамп Ҳантер Байденнинг Меланияни Доналд Трамп билан товламачилик ва педофилия айбловлари билан судланган марҳум молиячи Жеффри Эпштейн таништиргани ҳақидаги сўзлари учун суд орқали 1 млрд доллар ундириш билан таҳдид қилмоқда.
Собиқ президентнинг ўғли бу ҳақда шу ой бошида британиялик журналист Эндрю Каллаҳанга берган интервюсида айтганди.
Ҳантер суҳбат давомида молиячи Жеффри Эпштейнга оид, ҳали эълон қилинмаган ҳужжатлар Трампнинг қилмишларини фош қилишини айтган.
Биринчи хонимнинг адвокати Алехандро Брито Мелания Трампга «улкан молиявий ва маънавий зарар етказилгани»ни таъкидлади ва Байден айтган сўзларига раддия бериши ҳамда узр сўрашини талаб қилиб, акс ҳолда судга берилишини билдирди.
Мелания Трамп ва Доналд Трамп 2005 йилда турмуш қуришган. Улар 1998 йил ноябр ойида Ню Йоркда модел агентликларидан бирининг эгаси Паоло Дзамполи уюштирган кечада танишганини айтиб келишади.
Эпштейн ва Трамп илгари дўст бўлишган, лекин 2000-йилларда муносабатлари ёмонлашган.
Жеффри Эпштейн 2019 йилда қамоқхонада вафот этган.
Суданда вабо эпидемияси
Суданнинг Дарфур минтақасида сўнгги йиллардаги энг йирик вабо эпидемияси юз бермоқда. Хусусан, «Чегара билмас шифокорлар» ташкилотига кўра, охирги бир ҳафта ичида мамлакатда 40 киши ушбу касалликдан вафот этди.
Ташкилотнинг 14 август куни берган баёнотига кўра, урушдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд — Дарфур сўнгги бир йил ичида бошланган холера тарқалишидан энг жиддий талафот кўрмоқда. Биргина ўтган ҳафтанинг ўзида шифокорлар қабулига 2 300 дан ортиқ бемор олиб келинган.
Расмий маълумотларга кўра, 2023 йил августидан бери бутун мамлакат бўйлаб 99 700 дан ортиқ вабога чалиниш ҳолати ва 2 470 ўлим қайд этилган. Вабо нажас орқали ифлосланган озиқ-овқат ёки сув орқали юқади. У кучли диарея, қусиш ва мушак тортишишини келтириб чиқаради ҳамда даволанмаган тақдирда бир неча соат ичида ўлимга олиб келиши мумкин.
«Чегара билмас шифокорлар» уруш сабаб миллионлаб кишилар уйларини тарк этишга мажбур бўлиши ва тоза ичимлик сув танқислиги эпидемияни янада кучайтирганини таъкидламоқда.
Оғир шароитлар туфайли кўплаб оилалар ифлосланган манбалардан сув ичишга мажбур, бу касаллик тарқалишини тезлаштирмоқда. Ҳатто яқинда бир лагердаги қудуқдан одам жасади топилган, бироқ икки кундан сўнг одамлар яна ўша сувни ичишга мажбур бўлган.
Кучли ёмғирлар сув манбаларини янада ифлослантириб, канализация тизимларини ишдан чиқармоқда. Урушдан қочаётганлар билан бирга касаллик нафақат Судан бўйлаб, балки қўшни Чад ва Жанубий Суданга ҳам тарқалмоқда.
Тренддаги Labubu
Яқинда Лос-Анжелес шаҳрида ниқобланган шахслар ўйинчоқлар дўконига кириб бир неча минг долларлик Labubu қўғирчоқларини ўғирлаб кетишганди. Кузатув камераларидаги ёзувларга кўра, уларни бошқа маҳсулотлар қизиқтирмаган, улар фақат Labubu учун киришган.
Labubu карикатурачи рассом Касинг Лунг томонидан яратилган. Бу ўйинчоқ қовоғи солиқ, кўзлари катта момиқ қуёнчаларга ўхшайди.
Дўконларда битта қўғирчоқ нархи 500 доллар туради, айрим чекланган нусхада чиқарилганлари эса қўлда бир неча минг долларгача сотилмоқда. Шунингдек, сохта Labubu’лар бозори ҳам ривожланмоқда.
Шу кунларда Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказилган аукционда Labubu қўғирчоғининг ноёб намунаси рекорд даражадаги 150 минг долларга сотилгани хабар қилинганди. Ҳозирда бундай рангли Labubu дунёдаги ягона нусха ҳисобланади. Унинг шакли поливинилхлориддан тайёрланган.
Энди Ҳиндистонда бир аёл Labubu’ни хитой маъбуди деб ўйлаб, унга ибодат қила бошлади.
Тарқалган видеода аёл Labubu олдида анъанавий ҳинд маросимларини ўтказиб, чуқур ҳурмат кўрсатаётганини кўриш мумкин. Хабар муаллифининг айтишича, аёлнинг қизи онасига Labubu Хитой худоси эканини айтган. Буни эшитган она дарҳол ўйинчоққа сиғина бошлаган.
Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган мазкур видео турли фикрларга сабаб бўлган. Айрим фойдаланувчилар маданий чалкашлик устидан кулишса, бошқалари интернетда нотўғри маълумотлар қанчалик тез тарқалаётганини эслатиб ўтишган. Изоҳлар орасида чинакам эътиқод ҳатто ўйинчоқни ҳам маънавий эъзоз объектига айлантира олиши ҳақидаги кинояли ва фалсафий мулоҳазалар ҳам учрайди.
Маданиятшунослар бундай ҳолатлар глобаллашув ва ижтимоий тармоқлар турли маданиятларнинг рамзлари ва тасвирларини қандай аралаштириб юбориши, баъзан кулгили ёки парадоксал вазиятларни келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатиб бераётганини таъкидлаган.
Мавзуга оид
15:05
Россия пулларини муддатсиз даврга музлатган Европа, Ливанда «катта амалиёт»га тайёрланаётган Исроил ва «Эпштейн иши»да янги суръатлар – кун дайжести
15:36 / 12.12.2025
Ғазода ёмонлашаётган аҳвол, Донбассда «эркин иқтисодий зона» таклифи ва Япониянинг Хитойга «жавоби» – кун дайжести
14:53 / 11.12.2025
Венесуэла танкерини мусодара қилган АҚШ, Европанинг Украина борасида хавотирлари ва Марокашдаги фожиа – кун дайжести
14:17 / 10.12.2025