Ўтган йили Nature журналида чоп этилган тадқиқотда глобал иқлим ўзгариши туфайли 2050 йилга бориб жаҳон ялпи ички маҳсулоти 19 фоиз, 2100 йилга бориб эса 62 фоизга камаяди, деган хулоса келтирилганди. Ушбу таҳлил халқаро молиявий институтлар – жумладан, Жаҳон банки ва АҚШ ҳукумати томонидан ҳам турли прогноз ва режалаштиришда фойдаланилган. Келтирилган рақамлар аввалги тахминлардан уч баробар юқори эди ва бу хавотирларни кучайтирди.
The Washington Post’нинг ёзишича, Стенфорд университети олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотларда бундай катта йўқотишлар ҳақидаги хулосалар Ўзбекистондан олинган нотўғри маълумотлар туфайли юзага келган.
Ўзбекистон маълумотлари базадан олиб ташлангач, моделдаги йўқотишлар кескин қисқарди: 2100 йил учун ЯИМдаги йўқотиш 62 фоиз эмас, балки 23 фоизни, 2050 йил учун эса 19 фоиз ўрнига 6 фоизни ташкил этди, дея таъкидлаган Стенфорд университети Глобал сиёсат лабораторияси директори ва шарҳ ҳаммуаллифларидан бири Соломон Ҳцианг.
Nature журналининг амалий ва физика фанлари бўйича бош муҳаррири Карл Зиемелис электрон почта орқали тадқиқот қайта кўриб чиқилаётгани ва «масала ҳал бўлгач, тегишли таҳририй чоралар кўрилиши» ҳақида ёзган.
Мутахассислар тадқиқотдан ҳар битта алоҳида мамлакат ҳақидаги маълумотни олиб ташлаб, умумий натижани таққослаб кўришади. Бунда рақамлар сезиларсиз даражада ўзгариб борган. Ўзбекистон билан ҳам шу амалиёт қўлланганда эса умумий натижа кескин яхшиланади.
Шундан сўнг олимлар Ўзбекистон бўйича маълумотларни батафсил ўрганган. Дастлабки тадқиқотга кўра, мамлакат ЯИМ 2000 йилда деярли 90 фоизга қисқаради, 2010 йилда эса баъзи ҳудудларда 90 фоиздан ортиқ ўсиш кузатилган. Бошқа йилларда ҳам кескин тебранишлар қайд этилган. Бироқ Жаҳон банки маълумотларига кўра, сўнгги 40 йил ичида Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши нисбатан барқарор бўлиб, -0,2 фоиздан 7,7 фоизгача бўлган оралиқда шаклланган.
Натижада ҳарорат ва ёғингарчилик ўзгариши омили иқтисодий ўсиш билан боғлайдиган асосий моделда устунлик қилган ва ялпи ички маҳсулот иқлим ўзгаришидан кескин зарба олишини кўрсатадиган умумий натижа шаклланган.
«Сизда кўплаб маълумотлар бўлса-да, кичик бир мамлакат натижага шунчалик кучли таъсир кўрсатиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Шу сабабли маълумотлар ва натижаларни синчковлик билан текшириш муҳим», деган Соломон Ҳцианг.
Дастлабки тадқиқот муаллифлари – Германиянинг Потсдам иқлим таъсирини ўрганиш институти олимлари бошқачароқ фикрда. Улар Ўзбекистон билан боғлиқ хатолик дастлабки маълумотларни қайта ишлашдаги муаммолар туфайли юзага келганини тушунтириб, муқобил таҳлил ўтказган. Такомиллаштирилган моделда 2050 йилга бориб жаҳон ЯИМнинг эҳтимолий зарари 19 фоиздан 17 фоизга пасайтирилган.











