Президент Шавкат Мирзиёев 19 август куни соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш ва тиббий ёрдам сифатини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Давлат раҳбари бу борада шу йил 7 майда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида топшириқ берган эди. Шундан келиб чиқиб, соҳа мутахассислари, аҳоли ва хусусий сектор вакиллари иштирокида қатор таклифлар тайёрланди.
Бугун касалликларни даволашда катта юклама республика муассасаларига тушмоқда. Шу боис вилоят ва туман миқёсида хизматларни кенгайтириб, тиббиётни аҳолига яқинлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Шу мақсадда 1500 та клиник протокол халқаро талабларга мослаштирилади ва стандарт жарроҳлик амалиётлари ишлаб чиқилади. Энг кенг тарқалган касалликлар бўйича беморлар маршрутлари ишлаб чиқилади ва рақамлаштирилади.

Сўнгги йилларда инсулт ва инфарктга олиб келадиган гипертония, юрак ишемик касаллиги ва қандли диабетнинг кўпайиши кузатилмоқда. Бундай ҳолатларнинг 85 фоизи ногиронликка олиб келмоқда.
Шу боис бирламчи бўғинда сунъий интеллектни кенг қўллаган ҳолда ушбу касалликларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича янгича протокол ва ёндашувларни жорий қилиш таклифи билдирилди. Жумладан, ЭКГ-телеметрия, телемедицина, тромболизис терапия, стентлаш ва тромбоэкстрация йўлга қўйилади. Инсулт белгиларини эрта аниқлаш алгоритмини оммалаштириш ва аҳолига ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади.
Неврологик касалликлар ва инсултни самарали даволаш мақсадида Миллий неврология ва нейрореабилитация тиббиёт маркази ташкил этилади. Марказ учун Тошкент шаҳрида 250 ўринли замонавий бино қурилади, унда йилига 3 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконияти бўлади.
Марказ ҳамда Самарқанд ва Бухородаги тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари замонавий ускуналар билан жиҳозланади. Япониялик ҳамкорлар кўмагида халқаро стандартлар бўйича эрта реабилитация хизмати жорий этилади. 150 нафар мутахассис хорижда малака оширади. Лойиҳа учун 150 миллион АҚШ доллари йўналтирилади. Ушбу чора-тадбирлар ногиронлик ва меҳнатга лаёқатсизликни камайтириш имконини беради.
Шунингдек, амалдаги соғлиқни сақлаш тизимини хариталаш ва рақамлаштириш, шу асосда тиббиёт муассасаларини ягона ёндашув асосида ташкил этиш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш таклифи билдирилди. Бу ишлар доирасида янги қурилиш стандартлари, поликлиника ва касалхоналарнинг намунавий лойиҳалари шакллантирилади, 210 та санитария нормаси қайта кўриб чиқилади.










