Шу йил февралида давлат рўйхатидан ўтган, 30 майдан “сотув” рекламаларини бошлаган “Global avto kredit” МЧЖ одамларга фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан қимматбаҳо электромобилларни ваъда қилмоқда. GM машиналари эса йиллик 10 фоизли устама билан 5 йилгача насия савдога берилиши айтилган. Фирма ижтимоий тармоқлардаги каналига бир нечта машина “мижозларга етказиб берилгани” ҳақида видеолавҳа жойлаштирган. Kun.uz бу машиналар бошқа автосалонлардан харид қилинганини аниқлади.

Хўрак

Жозибали реклама, осон шартлар ва арзон нарх – Ўзбекистонда машина сотиб олмоқчи бўлаётганларни чув тушириш учун мана шу ваъдалар етарли, қанчалик шубҳали бўлмасин одамлар ўз оёқлари билан сиртмоқ ичига кириб бораверишади. Буни қарийб 10 йилдан буён давом этиб келаётган, бири қамалса бошқаси пайдо бўлаётган “Авто 60 ой”дан то “Halol avtolizing”гача бўлган қатор фирмалар мисолида кўриш мумкин.

Афсуски, бу кетма-кетлик занжири ҳамон узилгани йўқ: “йиғаман-у, қочаман” қабилидаги шубҳали автосалонлар пайдо бўлишда ва одамларни чув туширишда давом этмоқда. Шундай шубҳали фирмалардан бири “Global avto kredit” МЧЖ ҳисобланади. Ушбу фирма “хўрак” сифатида одамларга қимматбаҳо электромобилларни фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан олиб беришни ваъда қилмоқда.

Хитойда одамимиз бор”

“Global avto kredit” МЧЖ 2025 йил 10 феврал куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Фаолият тури – автомобиллар ва енгил моторли транспорт воситаларининг чакана савдоси.

Устав капитали 500 млн сўм сифатида кўрсатилган МЧЖ таъсисчиси ва раҳбари Бахтимуродов Бекзод Бахтимурод ўғли ҳисобланади.

МЧЖ Telegram’да канал очиб, жорий йил 30 май кунидан “сотув” рекламаларини эълон қила бошлаган. Хусусан, биринчи рекламада Cobalt машиналарини “салон нархида” ва “ҳалол насия” асосида харид қилиш мумкинлиги айтилади. Насия савдо шарти сифатида 1 йилдан 5 йилгача йиллик фоизли устама таклиф қилинган. Қолаверса, машина мижознинг ўз номига расмийлаштирилиши айтилган.