16 август куни Тошкентдаги 4-сонли шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида 4 ёшли Зубайр Амонов вафот этди. Дастлабки тиббий маълумотномада унинг ўлими сабаби ўпка-юрак етишмовчилиги, А09 инфекцияси билан боғлиқлиги тахмин қилинаётган диарея ва гастроэнтерит эканлиги кўрсатилган. Марҳумнинг отаси Баҳром Амонов эса боласига шифокорлар тўғри ташхис қўймагани, унга етарли даражада эътибор билан муолажалар қилмаганини таъкидламоқда.
Фарзанд доғида қолган отанинг сўзларига кўра, шифохонага олиб борилганидан сўнг, болада иситма чиққан ва кечқурун лаблари кўкариб, оёқлари музлаб қолган. Онаси шифокорларга мазкур ҳолат ҳақида айтганда “бу оддий ҳол, ўтиб кетади” дея уларга ҳеч ким қарамаган. Боланинг аҳволи оғирлашиб, танаси қалтирай бошлаганда реанимацияга олинган ва шу жойда гўдакнинг жони узилган.
Марҳумнинг отаси Баҳром Амонов воқеаларни Kun.uz’га сўзлаб берди:
“2025 йил 12 август куни кўчадан иккита тарвуз олдим. Биттасини ота ҳовлига олиб бордим, иккинчисини эса квартирага олиб чиқиб, тушлик пайти болаларим билан едик. Орадан икки-уч соат ўтиб, энг кичкина қизим (1,5 ёш) қуса бошлади. Дарҳол Шайхонтоҳур туманидаги 4-сонли юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордик. Уйда олишга мўлжаллаб муолажалар ёзиб беришди. Йўлда қизимга қусишни тўхтатадиган укол қилдирдик, эртасига аҳволи сал яхшиланди. Кечга бориб эса яна мазаси қочди, ичи кетишни бошлади. Яна ўша юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордик. Анализлари ёмон чиққани учун қизимни шифохонада қолдиришди.
Ўша куни кечқурун катта қизимда (5,5 ёш) бош оғриғи кузатилди. Эртаси куни иситмаси кўтарилди. Бир пайт 4 ёшли ўғлим қайт қила бошлади. Унда иситма йўқ эди, фақат тинимсиз қусди. Шундан кейин уларни ҳам кийинтириб, юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордим. Шифокорлар иккисини ҳам палатага ётқизишди. Бу 15 август куни эрталаб соат 8:00-8:30 лар атрофида бўлган воқеа.
16 август куни тонгда телефон орқали аёлимдан фарзандларим ҳолатини сўраганимда ўғлимнинг иситмаси баландлиги, беҳол ётганини айтди. Мен “докторга кўрсат” дедим, у эса “шифокорлар бу оддий ҳолат, хавотирга ўрин йўқ” дея тушунтирганини таъкидлади. Ҳамшира эса ўзининг ишлари билан овора бўлиб, аёлимнинг гапига эътибор ҳам бермаган”, – дейди ота.
Кун давомида боланинг иситмаси кўтарилиб, кечқурун 38,5 даражагача етган. Бола тинмай қусгани сабабли дорилар берилмаган, фақат аналгин ва димедрол уколи қилинган. Бироқ эрталабгача иситма пасаймаган. Тонгда шифокор текширувга кирганида боланинг қусишида қон аралашганлиги кузатилган. Шифокор бу ҳолатни кучли қусиш оқибатида майда қон томирлар ёрилиши билан изоҳлаган ва қўшимча муолажа ёзиб берган. Шунга қарамай, кун давомида боланинг иситмаси тушмаган. Она бола уйғонмаганини айтганида эса шифокор унинг аҳволи нормал эканини билдирган ва фақат кўпроқ суюқлик ичиришни тавсия қилган






