Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп Исроилга қарши қўшимча чоралар ҳақидаги таклифлари коалиция ҳамкорлари томонидан рад этилгач, 22 август куни истеъфога чиқди.
Велдкампнинг айтишича, коалициядаги VVD ва BBB партиялари янги чораларни қўллашга қарши чиққани боис, ўз режалари амалга ошишига ишончи қолмаган ва истеъфо беришга қарор қилган.
Politico нашрининг ёзишича, Велдкамп жума куни Ғазодаги гуманитар инқироз юзасидан ҳукуматдаги бир неча соатлик самарасиз баҳсдан сўнг, Исроилга қарши қатъийроқ санкциялар жорий этишга чақирди.
«Биз ҳукумат сифатида аллақачон анча қадамлар қўйдик. Нидерландия бундан уялмаслиги керак. Лекин Ғазо шаҳрида ва Ғарбий Соҳилда содир бўлаётган воқеалар юзасидан қўшимча чоралар кўришга кабинетда қаршилик сездим. Мен яқин ҳафталар ёки ойлар давомида вазият ўзгаришига ишончим йўқ, агар мен зарур деб ҳисоблаган сиёсатни юритишда шунчалик чекланган бўлсам. Уйга бориб истеъфо хатини ёзаман», дея Велдкампнинг сўзларини келтирмоқда NL Times.
Бу фикрни Нидерландия бош вазири ўринбосари Эдди ван Хюм ҳам тасдиқлади: «Исроил ҳукумати ҳаракатлари халқаро шартномаларни бузмоқда. Энди чизиқ тортилиши керак. Ҳукуматда қолишимиз ишончли бўлмай қолди. Қисқаси, биз чарчадик… Велдкамп Исроил ҳукуматига қарши қўшимча чоралар зарурлигини жуда кескин ҳис қилди, аммо доимо тўсиқлар қўйилди», деган у.

Бош вазир Дик Схооф парламентга кечқурун қилган мурожаатида NSCʼнинг ҳукуматдан чиқиб кетишини «афсус билан» қабул қилганини айтди: «Биз бу қарорларни ҳурмат қилишимиз керак, бироқ уларни жуда афсус билан қабул қиламиз — айниқса вақтинчалик ҳукумат зиммасидаги масъулиятни ҳисобга олсак», деди у.



















