Иқтисодиёт | 08:27 / 04.09.2025
1161
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Малайзия тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашда ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия халқаро аёл тадбиркорлар уюшмаси (IWEM) президенти Норазизах Борхан билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Малайзия аёл тадбиркорлари ўртасидаги шериклик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

IWEM президенти Норазизах Борхан Ўзбекистон аёлларини тадбиркорликка ўқитиш ва амалий кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида ўзбек томони билан ҳамкорлик қилишга юқори қизиқиш билдирди.

У Ўзбекистонда тадбиркор аёлларнинг салоҳиятини янада ошириш дастурини биргаликда ишлаб чиқишни таклиф қилди. Ушбу дастур бизнес кўникмаларини ривожлантириш, рақамли тадбиркорликни ўзлаштириш, раҳбарлик ва музокара олиб бориш қобилиятларини шакллантириш, ўз брендини яратиш ҳамда халқаро савдога тайёргарлик кўриш каби вазифаларни қамраб олади. 

Малайзия томони, шунингдек, Ўзбекистонда аёллар бизнеси ва тадбиркорлигини ривожлантириш, Ўзбекистон-Малайзия қўшма саммитни ўтказиш, аёл тренерлар ва спикерлар алмашинуви дастурини йўлга қўйиш, аёлларни тадбиркорликка ўқитиш ва ривожланиш марказини ташкил этиш каби ташаббусларни илгари сурди.

Мулоқот давомида "АСЕАН-Марказий Осиё ўзгаришлар яратувчи аёллар мукофоти" каби платформа яратиш хусусида фикр алмашилди.  

Ушбу ташаббуслар билан батафсил таништириш ва уларни амалга ошириш йўлларини муҳокама қилиш мақсадида шу йил сентябрь ойида IWEM ва Малайзия таълим провайдерлари уюшмаси вакиллари иштирокида Куала-Лумпур шаҳрида давра суҳбатини ўтказишга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид