Иқтисодиёт | 15:54 / 06.09.2025
2379
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда Эрoн компанияси қиймати 15 млн долларлик эко ва туризм комплекси қурaди

Лойиҳа Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида амалга оширилади. Инвестор – Эроннинг Kapa Yurt Soon компанияси. Лойиҳа тузни қазиб олиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш линиясини яратиш, шунингдек, туз бассейнлари, ванналар, соғломлаштириш марказлари ва 500 ўринли 100 модулли меҳмонхоналарни ўз ичига олган тиббий ва туристик мажмуаларни қуришни ўз ичига олади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлигига кўра, Шеробод туманидаги туз конида қиймати 15 млн доллар бўлган эко ва тиббий туризм комплекси барпо этилади. Лойиҳа Эроннинг Kapa Yurt Soon компанияси томонидан амалга оширилади.

27 август куни вилоят ҳокими Эроннинг Kapa Yurt Soon компанияси директори билан учрашди. Инвестор томонидан Хўжайкон туз ғорида экологик ва тиббий туризм йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ўтказилиб, уларнинг техник-иқтисодий асослари ва истиқболли натижалари ҳақида маълумот берилди.

Томонлар мутахассислар иштирокида лойиҳани батафсил ишлаб чиқиш, жой танлаш ва йўналишларни белгилаш, шунингдек, амалга ошириш босқичлари бўйича музокаралар ўтказишга келишиб олди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Хўжайкон туз ғорида янги туристик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “қатор компаниялар”дан таклифлар тушаётганини таъкидлади.

Ҳокимликнинг хабар беришича, Хўжайкон туз ғори ва унга туташ ҳудудда “Kapa Yurt” инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа уч босқичда - 2025 йилдан 2035 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган.

Лойиҳа тузни қазиб олиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш линиясини яратиш, шунингдек, туз бассейнлари, ванналар, соғломлаштириш марказлари ва 500 ўринли 100 модулли меҳмонхоналарни жамлаган тиббий ва туристик мажмуаларни қуришни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида ижтимоий инфратузилма объектлари, амфитеатр, ҳунармандчилик марказлари ва туз музейи барпо этиш кўзда тутилган. Кўкаламзорлаштирилган ҳудудларга 200 мингга яқин дарахт экиш, 1 гектар майдонда сунъий шўр кўл барпо этиш режалаштирилган. Туристик зонага электр, газ, интернет, мобил алоқа ва темирйўл инфратузилмасига уланишни таъминлайдиган йўллар ва коммунал тармоқлар олиб борилади.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 250 та янги иш ўрни яратилиб, ҳар йили 200 минг хорижий ва маҳаллий сайёҳлар жалб этилади. Шунингдек, тузнинг саноат экспортини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.

Расмий хабарга кўра охирги йилларда вилоятга туристлар оқими кескин ошмоқда. Агар 2018 йил давомида Сурхондарёга 21 минг нафар хорижий турист ташриф буюрган бўлса, ҳозирда бир ойда келувчилар сони 20 мингдан ошмоқда.

Аввалроқ, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида қиймати 140 млрд долларлик экотуризм комплекси қурилиши маълум қилинганди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид