AFP агентлигининг музокаралардан хабардор бўлган америкалик мулозимга таяниб ёзишича, Европа Иттифоқи ҳам худди шундай чоралар кўрса, Қўшма Штатлар Россия нефтини сотиб олувчи мамлакатларга божларни кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи музокараларига қўшилган президент Доналд Трамп Россия нефти харидорлари, жумладан, Хитой ва Ҳиндистон учун 50 фоиздан 100 фоизгача бож киритишни таклиф қилди. «Россия уруш машинаси учун пул манбайи Хитой ва Ҳиндистоннинг нефт сотиб олишидир. Агар сиз бу манбани кесмасангиз, уруш машинасини тўхтата олмайсиз», деб таъкидлади расмий. Муҳокамада АҚШ молия вазири Скотт Бессент, савдо ваколатхонаси ва Давлат департаменти вакиллари иштирок этди.

АҚШ расмийсининг сўзларига кўра, Трамп «ҳаракат қилишга тайёр», бироқ Европа Иттифоқи Вашингтон билан биргаликда ҳаракат қилиши зарур, деб ҳисоблайди. Иккинчи манба 85 сенатор томонидан қўллаб-қувватланган қонун лойиҳасини эслатиб ўтди, у президентга Россия билан савдо қилувчи мамлакатларга иккиламчи тарифлар жорий этиш имконини беради. Бироқ, унинг қўшимча қилишича, Европарламентда бундай қадамни қўллаб-қувватлаш учун «сиёсий ирода» бор ёки йўқлиги савол остида қолмоқда.