Туризм | 15:15 / 13.09.2025
4192
2 дақиқада ўқилади

Туризм соҳасида 1 млнга яқин иш ўринлари яратилиши кутилмоқда

Британиянинг машҳур OCA Magazine электрон нашрида Ўзбекистонда туризм соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш бўйича дастурларга бағишланган мақола эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

"Ўзбекистон туризм соҳасида катта истиқболларга эга бўлиб, президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2030 йилгача туристлар сонини 15 миллионгача оширишни мақсад қилинган. Туризмнинг иқтисодий аҳамияти фақат саёҳатчилар сонида эмас, балки соҳада яратилган юқори сифатли иш ўринлари ва ялпи ички маҳсулотга қўшган ҳиссаси билан ҳам ўлчанади. Шу боис, келгусида туризм соҳасида 1 миллионга яқин иш ўринлари яратилиши кутилмоқда", – дейилган мақолада.

Таъкидланганидек, бу мақсадларга эришиш учун салоҳиятли ва малакали кадрлар тайёрлаш зарур, чунки ҳозирги кунда мамлакатда таълим ва касбий тайёргарлик даражаси паст ва кўплаб ишлаётганлар ўз касбий маҳоратларини такомиллаштиришига муҳтож.

Нашрда қайд этилишича, ҳозирги кундаги туризм ва меҳмондўстлик соҳаси таълими жараёнини такомиллаштириш мақсадида учта асосий йўналишда ислоҳотлар амалга оширилиши лозим. "Биринчидан, таълим имкониятларини кенгайтириш, яъни қисқа муддатли, кечки, онлайн ва гибрид курслар ташкил этилиб, талабаларга кўпроқ танлов ва қулайликлар яратиш зарур. Иккинчидан, ўқув дастурлари бозор талабларига мос равишда қайта кўриб чиқилиб, амалиётга йўналтирилган ва замонавий билимларни ўз ичига олган бўлиши лозим. Учинчидан, таълим муассасалари хусусий сектор билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, стажировкалар ва амалий машғулотлар орқали талабаларнинг касбий салоҳиятини ошириш зарур", – дейилган материалда.

Мақола якунида "Ўзбекистон туризм соҳасининг ривожланишида таълим муҳим ўринга эга бўлиб, соҳадаги таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги мувофиқликни таъминлаш керак. Бу мақсадга эришиш учун давлат ва хусусий секторлар биргаликда ишлаб, замонавий ва амалий таълим дастурларини жорий этиши лозим. Мана шундай ёндашув орқали мамлакатнинг бой маданий ва табиий ресурслари тўлиқ ишлатилиб, ёшларнинг салоҳияти очилади ва туризм соҳаси жаҳон бозорида рақобатбардош бўлади", – деб ёзилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид