Жаҳон | 10:22 / 16.09.2025
6073
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо шаҳрини эгаллаш мақсадида ҳужум бошлади

ЦАҲАЛ Ғазо шаҳрини назорат остига олиш учун қуруқликдаги операцияни бошлади. Аввалроқ Исроил разведка хизматлари Бинямин Нетаняҳуга бу режадан воз кечишни маслаҳат берган эди.

Фото: Dawoud Abu Alkas/REUTERS

Исроил мудофаа кучлари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС ҳаракатининг сўнгги таянчи деб атаган Ғазо шаҳрини эгаллаш учун қуруқликдан ҳужум бошлади. Бу ҳақда 16 сентябр, сешанбага ўтар кечаси биринчи бўлиб Axios интернет нашри исроилликларнинг исмини ошкор этмаган расмийларига таяниб хабар берди. Журналистларга кўра, маҳаллий вақт билан 15 сентябр, душанба куни кечқурун Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазо шаҳрига қарши йирик ҳаво ҳужумларини амалга оширган. Кўп ўтмай, Фаластин матбуотига кўра, шаҳарга Исроил танклари кириб келган. AFP ахборот агентлиги ҳам гувоҳларга таяниб, Ғазо шаҳрига йирик ҳужумлар уюштирилгани ҳақида хабар берди.

16 сентябр куни эрталаб операция бошлангани ҳақидаги маълумотни Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац тасдиқлади. Унга кўра, Исроил армияси Ғазо секторидаги «террорчилик инфратузилмаси»га «темир мушт» билан зарба бермоқда. «Ғазо ёнмоқда», деб ёзган Кац X микроблогида. «ЦАҲАЛ аскарлари гаровга олинганларни озод қилиш ва ҲАМАСни мағлубиятга учратиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш учун мардонавор курашмоқда. Вазифамиз бажарилмагунча таслим бўлмаймиз ва ортга чекинмаймиз», — дея таъкидлади вазир.

13 ва 14 сентябр, дам олиш кунларида Исроил Ғазо шаҳрига ҳаво ҳужумларини кучайтирди ва ЦАҲАЛга кўра, ҲАМАС ҳарбий мақсадларда фойдаланаётган ўнлаб кўп қаватли биноларга зарба берди, деб эслатади муаллифлар. Аввалроқ ЦАҲАЛ фаластинликларни Ғазо шаҳрини тарк этиб, жанубга «гуманитар ҳудудлар»га кўчиб ўтишга чақирган эди. Ўшандан бери, Axios маълумотларига кўра, 300 мингга яқин одам шаҳарни тарк этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид