Мамлакатда тадбиркорларга муносиб шароит яратиш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида жойларда технопарк ва кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда. Наманган вилоятида бугунги кунда 1,5 минг гектар майдонда 73 та саноат зонаси бор.

Бунинг натижалари Янги Наманган туманидаги Соҳил маҳалласида ҳам яққол намоён. Илгари тадбиркор ва ҳунармандлар ўз уйларида чекланган шароитда ишлаган бўлса, эндиликда замонавий инфратузилмага эга яхлит мажмуада фаолият юритмоқда.

“Ғиждувон тажрибаси” асосида 10 гектар майдонда ташкил этилган ушбу зонада 113 та лойиҳа жойлаштирилган. Уларнинг барқарор ишлаши учун бюджет ҳисобидан электр энергияси, ичимлик ва оқова сув тармоқлари, ички йўллар каби зарур инфратузилма барпо этилган.

Натижада йилига 500 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қуввати вужудга келди, 4 минг 800 та янги иш ўрни яратилди. Ёндош маҳаллалардан 170 нафар тадбиркор жалб этилгани, 350 дан зиёд хонадонда кооперация асосида маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани аҳолининг иқтисодий фаоллигини янада оширмоқда.

Яна бир муҳим томони, бу ердаги тайёр ускуна ва амалиётдан фойдаланиб, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга қайта ўқитиш имконияти бор. Бу ишсизлик ва камбағалликни камайтириб, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Давлат раҳбари автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи сервис марказлари ишини кўздан кечирди, усталар билан суҳбатлашди.

– Мамлакатимизда янги-янги автомобил заводлари ишга тушириляпти. Одамларнинг даромади ошиб, машиналар кўпайяпти. Лекин сервис бўйича ҳали имконият кўп. Масалан, чет эл автомобилларига хизмат кўрсатиш етарли даражада эмас. Буни тизимли йўлга қўйиш орқали аҳоли бандлиги ва хизмат сифатини таъминлаш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис, бундай сервис марказларини бошқа туманларда ҳам ташкил этиш, малакали усталарни тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.