Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

БМТ комиссияси геноцидни тан олди, Исроил яна ҳужум бошлади

Исроил мудофаа кучлари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС ҳаракатининг сўнгги таянчи деб атаган Ғазо шаҳрини эгаллаш учун қуруқликдан ҳужум бошлади. ОАВга кўра, душанба куни кечқурун Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазо шаҳрига қарши йирик ҳаво ҳужумларини амалга оширган. Кўп ўтмай, шаҳарга Исроил танклари кириб келган.

Шундан сўнг, Исроил мудофаа вазири Исраил Кац Ғазо секторига «темир мушт» билан зарба берилаётганини айтиб, операция бошланганини таъкидлади. «Ғазо ёнмоқда», деб ёзган Кац.

ЦАҲАЛга кўра, сектордаги ўнлаб кўп қаватли биноларга зарба берган. 300 мингга яқин одам шаҳарни тарк этди.

Операция бошланган куннинг ўзида — 16 сентябр куни ва ниҳоят БМТ махсус тергов комиссияси Исроил Ғазода геноцид содир этгани ва бош вазир Бинямин Нетаняҳу, исроиллик амалдорлар бу ҳаракатларга туртки бергани ҳақида хулосага келди.

«Ғазода геноцид содир бўлмоқда. Ушбу ваҳшиёна жиноятлар учун жавобгарлик деярли икки йил давомида Ғазодаги фаластинликларни йўқ қилиш учун аниқ мақсад билан геноцид кампаниясини уюштирган Исроил расмийларининг юқори доиралари зиммасида», деди Фаластин бўйича тергов комиссияси раҳбари Нави Пиллей.

Ҳисоботда Исроил армиясининг қотилликлари кўлами, инсонпарварлик ёрдамини блоклаб қўйиш, бепуштликни даволаш клиникасини мажбуран кўчириш ва йўқ қилиш мисоллари келтирилган. Бу эса бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари хулосаларига мос келади.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳисоботни рад этиб, уни «бузилган ва ёлғон» деб атади. Ҳаттоки, Исроил ТИВ комиссиянинг уч нафар экспертини «Ҳамас вакиллари» деб аташгача борди.

Комиссиянинг 72 саҳифали юридик таҳлили БМТнинг бугунги кундаги энг ишончли хулосаси бўлди, аммо бу орган мустақил бўлиб, расман Бирлашган Миллатлар Ташкилоти номидан ишламайди. БМТ ҳозирча «геноцид» атамасини қўлламаган, аммо унга буни амалга ошириш учун тобора кўпроқ босим ўтказилмоқда.

Полша осмонида Typhoon қирувчилари

Буюк Британия қироллик ҳаво кучларининг Typhoon қирувчи самолётлари НАТОнинг «Шарқий қўриқчи» операцияси доирасида Полша ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш миссиясида иштирок этади. Уларнинг вазифаси Россия ҳаво таҳдидларига, хусусан дронларга қарши туришдир. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукуматининг 15 сентябр, душанба куни чоп этилган пресс-релизида айтилган.