ҲАМАСнинг Ғазода қанча кучга эга экани борасидаги баҳслар Исроил аслида кимга қарши жанг қилаётганини савол остига қўйиши табиий. Нетаняҳу суд жараёнлари ва сиёсий босим остида қарорлар қабул қилар экан, бу уруш унинг ҳокимиятини сақлаш воситасига айланаётгандек кўринмоқда. “Геосиёсат”да таҳлилчилар Ғазодаги сўнгги вазият ва Нетаняҳунинг суди борасида ўз фикрларини билдиришди.

Ҳамас вакиллари Ғазода қолганми? Исроил аслида ким билан урушяпти?

Шавкат Икромов: 2019 йилда Бенямин Нетаняҳуга қарши суд жараёнлари бошланган, 2020 йилда эса жараёнлар фаоллашди. 2022–2023 йилларда айбловлар аниқроқ кўриниш олди ва унинг қамалиши ҳам, ёнидаги маслакдошларнинг жазоланиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас эди. Шу ҳолат фонида сиёсий ҳаракатлар ва қарорлар олдиндан режалаштирилган каби кўрина бошлади, кўпчилик назарида бу уруш Нетаняҳунинг сиёсий умрини узайтириш воситасига айланган.

Араб давлатлари ҳам вазиятни сезмоқда ва “Нетаняҳу қаерда тўхтайди?” деган саволни беришмоқда. У ҳозир бепарво деярли ҳеч ким билан музокара қилмаётгандек, чунки ҲАМАСнинг жисмоний кураш имконияти паст деб баҳоланмоқда. ҲАМАС етакчилари эса аввал айтганидек: жисмонан йўқ қилинса ҳам, ғоя яшайди ва шу ғояга қарши кураш узоқ давом этади. Ғазода вазият жуда оғир: шаҳарлар вайрон қилинмоқда, миллионга яқин аҳоли кўчирилган ёки кўчада қолган. Бу ҳолат дунё миқёсида қайғу ва ҳайрат билан кузатилмоқда. Шу билан бирга, Исроил бўйлаб Ғазо ҳужумларини тўхтатиш ҳақида намойишлар бўлиб ўтмоқда, асирларнинг тақдири номаълумлиги ва уларнинг ҳужумлар остида ҳалок бўлиши мумкинлиги халқни безовта қилмоқда.

Агар Нетаняҳунинг ҳақиқий мақсади асирларни тезроқ қайтариб, урушни тўхтатиш бўлганида, у ҳозирги қуруқлик ҳужумини амалга оширмас эди. Музокаралар орқали асирларни қайтариш имкониятлари мавжуд эди, аммо улар тўлиқ ишга солинмади. Суд жараёнлари яқинлашгани сари (масалан, 16 сентябрдаги охирги эшитуви бўлди) уруш кўламини кенгайтириш унинг сиёсий манфаатларига хизмат қилаётгандек кўринади. Хавфсизлик масъуллари ҳам муҳим даврда раҳбарни суд қилиш тўғри эмас, деб жараёнларни кечиктирмоқда. Расмийларнинг баёнотлари рақамларда ҳам зиддиятлар келтириб чиқармоқда: дастлаб Исроил 30 000 та ҲАМАС жангчиси борлигини иддао қилган, сўнгра 2 500 нафарга қисқарди “биз уларни йўқ қилдик” дейилди. Агар ҳақиқатан ҳам 2 500 нафардан кам қолган бўлса, Исроил учун ғалабани эълон қилиш мумкин бўлар эди. Шундай бўлса-да, ҳудуд вайрон қилинди. Исроил босқичма-босқич чегаравий ҳудудларни ўзлаштириб бораётгандек кўриниш ҳосил қилмоқда.