Жаҳон | 08:15 / 17.09.2025
1697
2 дақиқада ўқилади

Сикорский: Украина полякларни Россия дронларига қарши курашишга ўргатади

Украиналик мутахассислар Полшадаги НАТО ўқув марказида Россия ҳаво ҳужумларига қарши туриш учун машғулотлар ўтказади, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский, деб ёзади The Guardian.

Радослав Сикорский Фото: Kay Nietfeld/dpa/picture alliance

Полшанинг учувчисиз учоқлар билан курашиш гуруҳлари келгусида Россия Федерацияси томонидан ҳарбий босқинчилик ҳаракатлари содир бўлган тақдирда тажриба орттиришга ёрдам бериш учун украиналик мутахассислар томонидан ўқитилади. «Украиналиклар рус дронларига қарши курашда энг яхши жиҳозларга эга, улар Россия армиясига қарши курашда анча чуқурроқ ва замонавийроқ тажрибага эга», — деди Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский. Унинг сўзларини Британиянинг The Guardian газетаси келтирди.

Машғулотлар НАТОнинг Полшадаги ўқув марказида бўлиб ўтади, у ер Украинадан кўра «хавфсизроқ», деди Сикорский. «Ғарбдаги жамоатчилик ва ҳукуматлар зудлик билан тушуниши керакки, айнан украиналиклар бизни Россияга қаршилик кўрсатишга ўргатади, аксинча эмас», — дея қўшимча қилди Полша ТИВ раҳбари.

Шу куни аввалроқ Сикорский Германиянинг Frankfurter Allgemeinen Zeitung газетасига берган интервюсида Полша ва НАТО иттифоқчилари Украина ҳудуди устидаги ҳаво нишонларини тутиб олиш масаласини кўриб чиқиши кераклигини айтиб, худди шу фикр бир йил аввал муҳокама қилинганини эслатиб ўтди. «Техник жиҳатдан биз НАТО ва Европа Иттифоқи сифатида буни амалга оширишга қодир бўлардик, аммо бу Полшанинг ёлғиз ўзи қабул қилиши мумкин бўлган қарор эмас, балки фақат иттифоқчилари билан биргаликда», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради РАР ахборот агентлиги.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид