«Манчестер Сити» – «Наполи» 2:0
Голлар: Ҳоланд, 56 (1:0). Доку, 65 (2:0)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, О`Райли, Гвардиол (Аке, 80), Рубен Диаш, Ҳусанов, Родри (Гонсалес, 60), Доку (Савио, 69), Фоден, Рейндерс (Люис, 80), Бернарду Силва, Ҳоланд (Бобб, 80)
«Наполи»: Милинкович-Савич, Спинаццола, Буонджорно, Бекема, Ди Лоренцо, Лоботка (Гилмор, 71), Мактоминай, Де Брюйне (Оливера, 26), Замбо Ангисса (Элмас, 71), Политано (Жуан Жезус, 55), Ҳойлунд (Нерес, 71)
Огоҳлантириш: Политано, 52
Четлатиш: Ди Лоренцо, 21

ЕЧЛнинг 1-турида Манчестерга Италиянинг энг британча жамоаси ташриф буюрди. Де Брюйнени алоҳида таништириш шарт эмас, Кевин – «Сити» афсоналаридан бири. Шунингдек, «Наполи» сафида «МЮ»нинг собиқ футболчилари Мактоминай ва Ҳойлунд ўйнайди. Уларнинг учаласи ҳам бошланғич таркибдан ўрин олишди.

Лекин Кевиннинг «Манчестер Сити»га қарши илк учрашуви ўзи истаганидек кечмади. «Наполи» 21-дақиқадаёқ бир киши кам бўлиб қолди – жамоа сардори Жованни Ди Лоренцо қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Бу эса Антонио Контени де Брюйнени майдондан олиб, унинг ўрнига ҳимоячи Матиас Оливерани туширишга мажбур қилди.

Шундан кейин «Наполи» чуқур ҳимояга ётди, «Сити» меҳмонлар жарима майдонини қамал қилди. Италянлар 56-дақиқагача чидаб туришди, кейин эса Эрлинг Ҳоланд ўзини кўрсатди. Норвегиялик ҳужумчи бошда йўллаган зарбаси билан тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлади – бу ушбу форварднинг Чемпионлар лигасида 49 учрашувдаги 50-голи бўлди. Турнир тарихида ҳеч ким 50 голлик довонга бу қадар тез етиб келмаган. Таққослаш учун, «Арсенал» афсонаси Тиерри Анри ЕЧЛда 50-голини 112 ўйинда урган.

Тўққиз дақиқа ўтиб Жереми Доку «Наполи» ҳимоячиларининг бошини айлантириб ташлади ва жамоасининг ҳисобдаги устунлигини оширди. Шундан кейин ҳафта охирида АПЛ доирасида «Арсенал»га қарши ўйнайдиган «Сити» тежамкор режимга ўтди ва натижани сақлаб қолди.

Шу куни Абдуқодир Ҳусанов яна ўнг қанот ҳимоясида тушди ва мураббий ишончини оқлади.

Унинг «Наполи»га қарши ўйиндаги статистикаси:

✅ 93 марта тўпга тегиш
✅ 78/79 узатма (99 фоиз аниқлик)
✅ 2 марта рақибдан тўпни олиб қўйиш