Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тишлар саломатлиги – аёллар учун нега алоҳида аҳамиятга эга?
Соғлом тишлар ҳаммага керак. Аммо ҳомиладорликда оғиз бўшлиғи касалликларининг ҳомилага жиддий таъсирини биласизми? Уларда инфекция, асаб касалликлари, ривожланмай қолиш хавф солади.
Тиш соғломлигини сақлаш аёллар саломатлиги учун муҳим омиллардан биридир. Статистик маълумотларга кўра, стоматолог қабулига мурожаат қилувчилар орасида аёллар улуши эркакларга нисбатан юқори. Бу фақат эстетик ёки ташқи кўриниш учун эмас, балки аёл организмидаги махсус физиологик ўзгаришлар билан боғлиқ.
Аёллар ҳаётидаги гормонал ўзгаришлар (ҳайз, ҳомиладорлик, лактация, менопауза) тиш ва милкларга салбий таъсир қилиши мумкин. Айниқса: милкларда шиш, қон кетиш, токсикоз давридаги кислота таъсири, гормонал ўзгаришлар ортидан пародонт тўқималарининг заифлашуви туфайли аёллар пародонт (оғиз бўшлиғи) касалликларига нисбатан кўпроқ мойил. Ҳомиладорликда эса бу бола учун ҳам хавфли.
Ҳомиладорликда тиш касалликлари болага қандай таъсир қилади?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (JSST) ва бир қатор илмий тадқиқотларга кўра, ҳомиладор аёллардаги оғиз бўшлиғидаги инфекциялар боланинг туғилиши ва ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Масалан, пародонт касалликлари бўлган оналарда паст вазнли чақалоқ туғилиш хавфи 2 баробар юқори. Милкларида яллиғланиш кузатилган оналарда ҳомиланинг ривожланиши суст бўлади. Онанинг тишларида муаммо юзага келганда, бактериялар қон босимига таъсир қилиб хавфли ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.
Чақалоқларда иммунитет заифлиги юз беради, чунки инфекциялар она организмида яллиғланиш ҳосил қилади. Ёки тиш оғриқлари бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим, акс ҳолда оғриқлар орқали стресс гормонлари ошади ва боланинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади.
Мутахассислар нима дейди?
- Ҳомиладорликдан аввал стоматолог кўригидан ўтиш.
- Агар пародонтит, кариеc ёки милк касалликлари аниқланса – аввал даволанг, сўнг ҳомиладорликни режалаштиринг.
- Ҳомиладорлик давомида камида 2 марта тиш шифокорига кўрининг.
- Милкларда қон кетиши, оғриқ ёки ҳид ўзгариши – жиддий сигнал бўлиши мумкин.
- Юмшоқ тиш чўткаси, тиш ипи ва махсус оғиз чайиш воситаларидан фойдаланинг. Қаттиқ чўтка милкларни шикастлаши мумкин.
- Шакарли ва кислотали овқатлардан тийилинг. Ҳомиладорлик пайтида тиш эмали заифлашади. Калций ва D витамини етарли миқдорда қабул қилиниши керак.
- Токсикоз пайтида оғизни тозалашни унутманг. Қусишдан сўнг 30 дақиқа ўтиб оғизни чайиш ва тишни тозалаш тавсия этилади.
Ўзбекистонда вазият қандай?
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда даволанмаган тиш кариеси ва периодонтал касалликлар юқори. Болаларнинг қарийб ярми даволанмаган тиш кариесига, катталарнинг учдан бир қисмидан кўпроғи эса даволанмаган кариесга эга. Асосий ресторатив стоматологик муолажалар мавжуд, аммо скрининг ва профилактика хизматлари етишмаяпти.
Кўплаб илмий мақолалар ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аёллар стоматолог қабулига эркакларга нисбатан кўпроқ мурожаат қилади. Чунки эркакларга нисбатан аёллар ўз соғлиғига, шу жумладан оғиз бўшлиғи гигиенасига кўпроқ эътибор қаратишади. Ҳомиладорликда калций етишмаслиги оқибатида тишлардаги муаммолар, эмизикли даврдаги тиш билан боғлиқ муаммолар ҳам бунга сабаб бўлади. Оғриқ бўлмаган ҳолатларда ҳам аёлларнинг эстетик жиҳатдан эътиборли эканлиги косметик стоматология (оқартириш, брекетлар, винирлар ва ҳ.к.) хизматларидан фойдаланишгани сабаб стоматологларнинг мижозлари орасида аёллар улуши кўп.
Оилада болаларнинг тишлари оғриганда ҳам кўпроқ оналар уларни шифокорга олиб боради. Шунингдек, аёллар соғлиққа боғлиқ масалаларда эркакларга нисбатан камроқ уялишади, маслаҳат сўраш ёки муаммони очиқ айтишда ҳам фаол бўлишади.
Мавзуга оид
15:18 / 04.12.2025
Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашнинг янги молиявий инструментлари жорий этилади
16:06 / 29.11.2025
Нейронлар оламидаги сирлар: аёллар ва эркаклар мияси ўртасидаги фарқлар ҳақида
17:50 / 21.11.2025
Гўзаллик йўлида қурбонлик: баланд пошна аслида қанчалик хавфли?
11:49 / 17.11.2025