Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари июль ойида 589,8 млн долларга кўпайиб, 1 август ҳолатига 64,34 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк тақдим этган ҳисоботда келтириб ўтилган.
Ўтган ой давомида захираларнинг валюта қисми 208,6 млн долларга, олтин қисмининг қиймати 365,2 млн долларга кўпайди. Ўз навбатида захиралар таркибида олтиннинг физик ҳажми 13,9 млн троя унциядан 13,8 млн троя унцияга қисқарган.
Регулятор инвестиция киритган қимматли қоғозлар портфели кескин камайиб, 2,86 млрд доллардан 1,76 млрд долларгача пасайган.
«Ўзбекистон Республикасининг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2026 йил июль ойида 0,59 млрд долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 4016,7 доллардан 4052,2 долларгача ўсишининг таъсири +0,49 млрд долларни ташкил этди», дейилади МБ изоҳида.











