Трамп Афғонистондаги Бағрам ҳарбий базасини АҚШ қайта эгаллашини эълон қилди. Қозоғистонда илк бор шаҳар ҳокимлиги учун сайлов ўтказилади. Қирғизистонда пенсия ёши ҳам, миқдори ҳам оширилади. Тожикистон Америкадан 75 тонна озиқ-овқат ёрдамини олди. Туркманистон бозорларида текширувчилар битта тушлик эвазига ҳам қонунбузарликларни ёпиб кетмоқда. Афғонистонда интернет узиб қўйилди, топшириқни “Толибон”нинг катталари берган.

Қозоғистон тарихида илк бор шаҳар ҳокимлиги учун сайлов ўтказилади 

Қўшни давлатда синов тариқасида биринчи марта шаҳар ҳокимини вилоят ҳокими тайинламай, у сайлов асосида танланмоқда. Маҳаллий нашр Теngrinewsʼнинг ёзишича, ҳокимлик учун 4 номзод ҳозирча рўйхатга олинган. Маълум бўлишича, 12 октябр куни сайлов ўтказилади. Номзодлар ким экани 18 сентябр куни эълон қилинган ва сайловолди ташвиқот ҳам бошланди. Улар жамоатчиликка таништирилиб, тегишли ишонч ёрлиқлари топширилди. Ҳаммани ҳайратда қолдиргани, шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бекжон Бапишев номзодлар орасида йўқ эди. Ваҳоланки, жамоатчилик айнан уни ҳоким этиб сайланади деб ишониб турган эди. 

4 номзоднинг барчаси мустақил номзодлар, 3 таси семейлик. Улар ёшлар саройи директори, Геодезия коллежи директори ва ҳозирда ишсиз бўлган собиқ шаҳар маслаҳати раиси, тўртинчи даъвогар – Кўкпекти тумани ҳокими. 

Семей шаҳрининг аввалги ҳокими Талгат Муратов август ойи ўрталарида вилоят ҳокими томонидан муддатидан олдин ишдан олинганди. Айни пайтда шаҳардаги 128 та сайлов участкасида овоз беришга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Янги ҳоким сайловида 220 мингдан ортиқ киши овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган. 

“Саккиз нафар номзод ўз ҳужжатларини топширди. Улардан 3 нафари Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан танловдан ўта олмади. Биттаси ўз ихтиёри билан сайловдан чиқди. Тўрт нафар номзод сайловда қатнашишга тайёр”, - дейди Семей ҳудудий сайлов комиссияси раиси Гулжан Куанишева.

Бироқ шаҳар аҳолиси сайловга ҳам, унинг натижаларига ҳам жиддий ишонаётгани йўқ. Масалан, Теngrinews эълон қилган хабар остидаги изоҳларда аксарият одамлар бу театр ёки шоу, дея ёзишган.

Яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси эса биз аллақачон президентни сайлаганмиз, АЭС қурилишига ҳам овоз берганмиз, бу шунчаки вақтни беҳуда сарфлаш. Ундан кўра, самаралироқ иш билан шуғулланинг, деб ёзган.

Қирғизистон пенсия ёшини ҳам, миқдорини ҳам оширмоқчи