Жаҳон | 17:55 / 21.09.2025
18603
2 дақиқада ўқилади

Трамп Багром авиабазасини қайтаришдан бош тортгани учун Афғонистонга таҳдид қилди

АҚШ ҳарбийлари 2021 йил августида Багром авиабазасини тарк этган. Шундан бери у «Толибон» назорати остида. Трамп аввалроқ уни қайтармоқчи эканини айтган эди. Бироқ, Афғонистон бунга рози бўлмаслигини маълум қилди.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп кескин баёнот билан чиқиб, Афғонистондан америкаликлар томонидан қурилган Багром авиабазасини Қўшма Штатларга қайтаришни талаб қилди.

«Агар Афғонистон АҚШ томонидан қурилган Багром авиабазасини қайтариб бермаса, ёмон нарсалар содир бўлади», деб ёзди Оқ уй раҳбари ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.

Трамп Буюк Британияга расмий ташрифининг сўнгги кунида ўтказилган матбуот анжуманида авиабазанинг стратегик аҳамиятини таъкидлаб ўтган эди.

«Биз Багромни қайтариш учун ҳаракат қилмоқдамиз. Бу база бизга керак. Бунинг асосий сабабларидан бири унинг Хитой ядро қуроли ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган жойдан бир соатлик масофада жойлашганидир», деди президент.

Бунга жавобан «Толибон» вакили Забиҳулло Мужоҳид Багром қайтарилмаслигини айтди.

«Биз америкаликларни Афғонистондан қувиб чиқардик ва уларнинг мамлакатимизда бўлишига рози эмасмиз», деди у ва авиабаза Афғонистонга тегишли эканини, Қўшма Штатларнинг бу объект бўйича ҳар қандай режаларини қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

2021 йил 1 июлда (Жо Байден президентлиги даврида) АҚШ ҳарбийлари авиабазани тарк этди ва 2021 йил 15 августда бошланган ҳужум пайтида у «Толибон» ҳаракати томонидан назоратга олинди.

Америка етакчиси президент Жо Байден маъмуриятини Багром авиабазасини толибларга «топшириб», Хитойга назорат ўрнатиш имконини берганликда бир неча бор айблаган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид