Жаҳон | 09:44 / 22.09.2025
4530
2 дақиқада ўқилади

Россия Украинанинг бир қанча вилоятларига зарба берди, қурбонлар бор

Россия Запорижжяга авиабомбалар билан зарба берди, икки киши ҳалок бўлди, фуқаролик инфратузилмаси ва саноат объектларига зарар етди. Киев вилоятида йирик Бориспол аэропорти яқинига дрон ҳужуми уюштирилди.

Фото: Telegram / ivan_fedorov_zp

22 сентябр, душанбага ўтар кечаси Россия Запорижжяга камида бешта авиабомба билан зарба берди. Запорижжя вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоровнинг сўзларига кўра, икки киши ҳалок бўлган, яна икки киши яраланган, улардан бири оғир аҳволда.

Запорижжядаги турар жой бинолари, шунингдек, фуқаролик инфратузилмаси ва саноат объектлари зарба натижасида зарар кўрди, дея қўшимча қилди Федоров. У ҳужумдан кейинги суратларни Telegramʼда жойлаштирди.

Кейинроқ Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи шаҳардаги фуқаролик инфратузилмаси объектидаги ёнғинни ўчириш бўйича фоторепортажни ҳам эълон қилди.

Тунда Россия учувчисиз учоқлари Украинанинг Киев вилоятига ҳужум қилди. Бориспол туманида уч қаватли турар жой биноси ва иккита хусусий уйда ёнғин содир бўлди. Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Николай Калашникнинг сўзларига кўра, 32 ёшли эркак елкасидан жароҳат олган. Маҳаллий жамоат гуруҳлари дронлар Украина пойтахтининг асосий ҳаво эшиги бўлмиш Бориспол аэропортига йўл олгани ҳақида хабар бермоқда. Киев вилоятининг Обухов туманида уриб туширилган учувчисиз учоқ қолдиқлари кўп қаватли турар жой биноси устига тушди, Фастивскеда эса хусусий уй ёниб кетди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид