Иқтисодиёт | 12:06 / 23.09.2025
10673
2 дақиқада ўқилади

Олтин қуймалар нархи янги тарихий максимумни қайд этди

Ўзбекистон бозорида олтин қуймалар нархи 1 грамм учун 1 млн 521 минг сўмга етди. 2025 йил бошидан бери нарх ошиши 34,4 фоизни ташкил этяпти. Жаҳон бозорида ҳам олтин баҳоси сезиларли даражада қимматлаб, 1 унцияси учун 3754 долларга етган. АҚШ Федерал захира тизими ўтган ҳафтада фоиз ставкаларини 4−4,25 фоизгача пасайтиргани фонида қимматбаҳо металларга бўлган қизиқиш ортиб боряпти.

Фото: Марказий банк

Марказий банк доимий равишда ўлчовли олтин қуймаларининг нархларини янгилаб боради. 23 сентябрда эълон қилинган маълумотларга кўра, 5 граммли олтин қуймасининг нархи 7 млн 609 минг сўмни ташкил қилди. Қуймалар нархи 1 грамм учун 1 млн 521 минг сўмга баҳоланяпти.

Kun.uz ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил бошидан бери олтин қуймалар қарийб 34,4 фоизга қимматлаган. Январда 5,66 млн сўм бўлган 5 граммлик қуйманинг қиймати сентябрь ойига келиб 7,6 млн сўмга етди. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда эса нарх ошиши 37,2 фоизни ташкил этган.

23 сентябрь ҳолатига кўра, олтин қуймалари нархлари қуйидагича:

  • 5 граммли олтин қуйма — 7 миллион 609 минг сўм;
  • 10 граммли олтин қуйма — 15 миллион 219 минг сўм;
  • 20 граммли олтин қуйма — 30 миллион 438 минг сўм;
  • 50 граммли олтин қуйма — 76 миллион 94 минг сўм;
  • 100 граммли олтин қуйма — 152 миллион 188 минг сўм.

Маҳаллий бозордаги олтин нархлари йил бошидан буён 31 марта ўз рекорд даражасини янгилади.

Жаҳон бозорида ҳам олтин баҳоси сезиларли даражада ошиб, 1 унцияси учун 3754 долларга етган. АҚШ Федерал захира тизими ўтган ҳафтада фоиз ставкаларини 4−4,25 фоизгача пасайтиргани фонида қимматбаҳо металларга бўлган қизиқиш ортиб боряпти.

Маълумот учун, Ўзбекистон Марказий банки олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни 2018 йилда муомалага чиқарган. 2020 йил ноябридан бошлаб эса ўзбекистонликларда жамғармаларини қуйма олтин шаклида сақлаш имконияти ҳам пайдо бўлди: Марказий банк 5, 10, 20 ва 50 граммли олтин қуймаларини тижорат банклари орқали сотувга чиқарди.

Олтин қуймалари нархлари халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан кун давомида қайта кўриб чиқилади. Шунга кўра, нархлар доимий ўзгарувчан характерга эга бўлади.

100 граммли олтин қуймалар Ўзбекистонда 2025 йил 17 январдан бошлаб сотувга чиқарилган.

Мавзуга оид