Килиан Мбаппе дунё футболида энг муҳим фигурага айланиш учун «Реал»га ўтганини яширмайди. Умуман, Франция чемпионати асосий лигалар соясида бўлгани учун доим эътибордан четда бўлар, «ПСЖ»нинг Европа майдонларидаги муваффақиятсизликлари эса жамоа футболчиларини жиддий қабул қилишга халақит берарди. Сўнгги юлдуз Мбаппени ҳам сотиб юборгач, «ПСЖ» Луис Энрике бошчилигида бутунлай тескари йўлдан кетди ва жамоавий футболга урғу берган ҳолда айниқса, ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида даҳшатли ўйин кўрсата бошлади.

Жамоа юлдузлардан ташкил топмаслиги мумкин, аммо у ғалаба қозонаркан, албатта, ҳар бир ижрочи юлдузга айланади. «Олтин тўп»га номзодлар ичида «ПСЖ»нинг биратўла 11 нафар футболчиси ўрин олгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Усмон Дембеле мана шу юлдузли таркиб ичида ҳам алоҳида ажраб чиққан, энг сермаҳсул бўлибгина қолмай, умуман, бугунги «ПСЖ»нинг юзига айланган футболчи ҳисобланади. Унинг ғолиб чиқиши анча йиллардан бери таниган кўпчилик учун бироз эриш туюлса-да, Усмоннинг фаолиятига, айниқса сўнгги мавсумга чуқурроқ қараганимизда бошқа вариант ҳам бўлмаганини кўрамиз. «Олтин тўп» айнан энг катта мусобақада ғалаба қозонган жамоа аъзосига берилиши эса тўғри қарор, зеро футбол жамоавий спорт тури ҳисобланади – ҳар қанча зўр бўлсанг ҳам, жамоанг юта олмаса, имкониятинг камаяди.

Болалик йиллари, футболга кириб келиши

Масур Усмон Дембеле 1997 йилнинг 15 майида Франция шимолида жойлашган Вернонада дунёга келган. Унда сенегал-мавританлар қони бор. Отаси Усмон ва Фатимата Дембеле Европага Мали ва Мавританиядан иш излаб келиб қолишган. Кичик Усмон болалигидан футболга қизиққан, унинг ёшлиги Эвре шаҳри кўчаларида тўп орқасидан югуриб ўтган. Катталар болакайнинг қизиқишига қарши бўлишмайди ва уни спорт тўгарагига олиб боришади.

Дембеле футболдаги йўлини «Эвре» болалар мактабида бошлади. Ўсмирлик йилларида у мини-футболга қизиққан, айнан ўша пайтларда Усмоннинг дриблинг ва техникаси шакллана бошлаганди. У ўзидан анча ёши катта болаларни ҳам осонлик билан алдаб ўтар, ўшандаёқ истиқболли футболчи сифатида ўзини кўрсатиб улгурганди. Усмон 13 ёшида «Ренн» академиясига жалб этилиши ажабланарли ҳолат эмасди. Франциянинг бошқа клублари, жумладан «Гавр» ва «Кан» ҳам уни ўз академиясида кўришни истаган, аммо фақат «Ренн»дагилар ёш истеъдоднинг онаси, укаси ва сингиллари яшаши учун уй ҳам беришга рози бўлганди.

У 17 ёшида «Ренн» ўринбосарлари таркибида ёрқин мавсум ўтказади (18 ўйинда 13 гол) ва тўртинчи дивизионнинг энг яхши футболчиси деб топилади.

Кейин эса клуб билан биринчи шартнома шартларини узоқ вақтгача келиша олмайди –  у «Бенфика»га ўтиб кетмоқчи бўлади, аммо «Ренн» раҳбарияти уни қўйиб юборишни истамайди. Ўшанда ёш ҳужумчи асосий таркиб билан машғулотлардан воз кечади, аммо лига қоидаларига кўра, француз клублари ўз тарбияланувчиларини расмий шартномасиз ҳам 20 ёшгача олиб қолиши мумкин эди. Якунда у «Ренн» билан янги шартнома имзолайди, Франция олий дивизионида дебют қилади ҳамда катталар футболидаги илк голларини уришни бошлайди.