Ўзбекистон | 14:42 / 25.09.2025
8961
2 дақиқада ўқилади

Сингапурдаги элчихона ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди

Сингапурда бўлган ёки ушбу мамлакатга сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди.

Фото: Kun.uz

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Сингапурда тамаки маҳсулотларини қиздирувчи қурилмалар (IQOS ва бошқалар) ҳамда электрон сигареталар (вейплар), айниқса, K-pods туридаги ва таркибида этомидат мавжуд бўлган вейпларга қарши янада қатъий қонунчилик чоралари кучга кирди.

Сингапурда вейплар ва шунга ўхшаш қурилмаларни олиб кириш, сотиш, сақлаш ва фойдаланиш мутлақо тақиқланади.

Сақлаш ёки чекиш учун – 2 000 сингапур долларигача жарима.

Сотиш ёки олиб кириш учун – 10 000 сингапур долларигача жарима ва/ёки 6 ойгача қамоқ (такрорий ҳолларда – 20 000 сингапур долларигача ва/ёки 12 ойгача қамоқ).

Такрорий ҳолларда мажбурий реабилитация ва кейинчалик жиноий жавобгарликка тортилиш мумкин.

Сингапур K-pods туридаги вейпларни гиёҳванд моддалар билан боғлиқ қурилма сифатида баҳолайди, этомидат эса расмий равишда С синфдаги гиёҳванд моддалар рўйхатига киритилган.

Сақлаш ёки истеъмол қилиш учун – мажбурий кузатув ва реабилитация дастури; такрорий ҳолларда жиноий жавобгарлик.

Контрабанда учун – 3 йилдан 20 йилгача қамоқ ва 5 тадан 15 тагача қамчин жазоси.

Сотиш ва тарқатиш учун – 2 йилдан 10 йилгача қамоқ ва 2 тадан 5 тагача қамчин жазоси.

Қонун Сингапур фуқароларига ҳам, хорижликларга ҳам, шу жумладан талабалар ва иш визаси эгаларига ҳам бирдек татбиқ этилади. Қонунбузилиши қуйидагиларга олиб келиши мумкин:

қўлга олиниш ва озодликдан маҳрум этиш;
катта миқдордаги жарималар;
депортация ва мамлакатга қайта кириш ҳуқуқидан маҳрум этиш.

Ўзбекистон фуқароларига электрон сигареталар ёки шунга ўхшаш қурилмаларни Сингапурга олиб кириш ва улардан фойдаланишдан қатъий равишда воз кечиш тавсия этилди. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид