Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ учун «қизил чизиқ»
Исроил томонидан Ғарбий Соҳилнинг айрим қисмларини аннексия қилишга бўлган ҳар қандай уриниш АҚШ учун «қизил чизиқ» бўлади ва бу араб-исроил дипломатик нормаллаштириш жараёнининг охирини англатади. Бу ҳақда фикр билдирган Франция президенти Эммануэл Макроннинг айтишича, у бундай кафолатни Доналд Трампдан олган.
Макрон, шунингдек, АҚШ раҳбарига Фаластиннинг келажаги бўйича уч бетли режани тақдим этганини маълум қилди. Бу режа Ню Йорк декларациясига асосланган бўлиб, 143 дан ортиқ давлат томонидан қўллаб-қувватланган ҳужжатда Ғазо ва Ғарбий Соҳилда Ҳамасни келажакдаги бошқарувдан чиқариш таклиф қилинган.
Исроилнинг Ғарбий Соҳилда, жумладан, Э1 коридорида 3 400 та янги уй қурилишини ўз ичига олган аҳоли пунктларини кенгайтириш режалари мавжуд. Макрон «Бу масалада европаликлар ҳам, америкаликлар ҳам бир позицияда», деди.
«Ғарбий Соҳилни аннексия қилишга уриниш «Иброҳим келишувлари»нинг охири бўлади, бу Трампнинг биринчи президентлик давридаги энг муҳим дипломатик ютуқлардан бири эди. Бирлашган Араб Амирликлари бу борада жуда очиқчасига фикр билдирди. Бу АҚШ учун қизил чизиқ деб ўйлайман», деди Макрон.
Кейинроқ Politico нашри Доналд Трамп араб-мусулмон етакчилари билан учрашувда Исроил Ғарбий Соҳил тўлиқ аннексия қилинишига йўл қўймасликка ваъда берганини ёзди. Америка президенти «бу масала бўйича қатъий позицияга эга».
Агар Трамп аннексияга йўл қўймасликда қатъий турса, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу жиддий сиёсий босим остида қолади, чунки унинг ўта ўнг коалициясидаги айрим аъзолар Ғарбий Соҳилни қисман ёки тўлиқ қўшиб олишни талаб қилмоқда. Аксинча, агар Нетаняҳу АҚШнинг розилиги ёки сукутли қўллаб-қувватлаши билан аннексия қилса, Исроил ёнида Фаластин давлати барпо этиладиган икки давлатли ечим режасининг ўзи хавф остида қолади. Нетаняҳу душанба куни Оқ уйда Трамп билан учрашиши, жума куни эса БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаши кутилмоқда.
Макрон, шунингдек, гаровдагилар ва Ғазо тинч аҳолиси тақдири Нетаняҳу қўлида қолдирилмаслиги кераклигини айтди. «Нетаняҳунинг биринчи устувор вазифаси гаровдагиларни озод қилиш эмас – акс ҳолда у Ғазо шаҳрига сўнгги ҳужумни бошламас ва Қатардаги музокарачиларга зарба бермас эди».
У шундай деди: «Биз америкаликларни Исроилга босим ўтказишга кўндиришимиз керак, чунки АҚШ ҳақиқий таъсир кучига эга мамлакатдир». Макроннинг айтишича, агар яқин кунларда урушни тўхтатиш муваффақиятсиз тугаса, Европа бошқа чоралар, хусусан санкцияларни кўриб чиқишга мажбур бўлади.






