Жаҳон | 14:07 / 29.09.2025
2161
2 дақиқада ўқилади

Германия толиблар билан афғонлар депортацияси бўйича музокараларни бошлайди

Берлин Кобулдаги толиблар режими билан афғонларни Германиядан чиқариб юбориш бўйича музокаралар тайёрламоқда. Расмийларнинг таъкидлашича, бу биринчи навбатда Германияга таҳдид солаётган жиноятчилар ва шахсларни Афғонистонга чиқариб юбориш билан боғлиқ.

Фото: EHL Media/IMAGO

Германия ҳукумати Афғонистон пойтахти Кобулда толиблар билан афғонларни Германиядан депортация қилиш бўйича музокараларни бошламоқда. «Афғонистонга депортациялар мунтазам равишда амалга оширилиши керак! Шунинг учун жиноятчилар ва хавфли шахслар доимий равишда бу ердан чиқариб юборилиши учун биз ҳозир тўғридан тўғри Кобулда музокаралар олиб бормоқдамиз», деди ички ишлар вазири Александр Добриндт Bild am Sonntag ҳафталик нашрига 28 сентябр, якшанба куни чоп этилган интервюсида.

Нашр маълумотларига кўра, Германия ИИВ расмийлари режим вакиллари билан учрашувлар ўтказиш учун октябр ойидаёқ Кобулга учиб кетиши режалаштирилган. Вазирлик вакили ҳам бу алоқаларни тасдиқлади.

Шу пайтгача музокаралар «Афғонистон вакиллари билан фақат техник даражада» ўтказилиши ҳақида гап юритилган, улар қаерда ўтиши эса аниқлаштирилмаган. Уларни Кобулда ўтказиш қарори мунозарали, чунки Германия ва толиблар ўртасида расмий дипломатик алоқалар йўқ.

2021 йил августида "Толибон" ҳокимиятга қайтганидан бери Афғонистон халқаро миқёсда яккаланиб қолган. Бунга инсон ҳуқуқлари, хусусан, аёллар ҳуқуқларининг мунтазам равишда бузилиши сабаб бўлмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид