Украинанинг яна бир ҳудуди – Днипропетровск областига бостириб кириш ҳақида Россия ҳарбий қўмондонлиги июн ойи бошида хабар берганди. Бу Россия ҳарбийлари уруш бошланганидан бери ҳужум қилишга уринаётган ўн биринчи ҳудуддир.

Ёз бошида Украина бош штаби Москванинг Днипропетровск областига киргани ҳақидаги баёнотларини рад этган эди. Чиндан ҳам, Россия ҳарбийларининг Донецк ва Днипропетровск областлари чегараси орқали ўқтин-ўқтин амалга ошириладиган рейдларини ҳудуд устидан барқарор назорат деб аташ қийин эди. Аммо Украина армиясининг қарши ҳужумларига қарамай, россияликлар Днипропетровск областининг Новопавловка ва Великомихайловка аҳоли пунктлари томон ҳаракатланишда давом этди.

Август ойи охирида Украина қуролли кучлари қўмондонлиги жанглар аллақачон Днипропетровск области ҳудудига кўчганини тан олди.

Днипропетровск областидаги Березово қишлоғидаги Россия байроғи. Қишлоқ эгаллаб олингани ҳақида Россия мудофаа вазирлиги 20 сентябр куни хабар берганди. Фото: Россия мудофаа вазирлиги

Днипропетровск областида эгалланган биринчи аҳоли пункти ҳақида Москва 7 июл куни эълон қилганди.

24 сентябр ҳолатига кўра, Россия мудофаа вазирлиги баёнотларига ишонилса, област ҳудудидаги 14 та қишлоқ (Дачное, Малиевка, Сичневое, Вороново, Новогеоргиевка, Филия, Запороже, Хороше, Новоселовка, Сосновка, Новопетровское, Березово, Калиновское, Новониколаевка) Россия армияси назорати остига ўтган.

Бу аҳоли яшаш манзилларининг ярмини Россия армияси сентябр ойида эгаллаб олди. Шу билан бирга, бу қишлоқларнинг баъзилари ҳали тўлиқ Россия мудофаа вазирлиги назорати остига ўтмаган, улар учун жанглар ҳали давом этмоқда. Масалан, Новопавловка яқинидаги Дачное ва Филия қишлоқлари билан вазият шундай. Россия ёки Украина армияси томонидан улар устидан барқарор назорат ўрнатилгани ҳақида ҳеч қандай фото ёки видео тасдиқлар йўқ, иккала қишлоқ ҳам ҳозирча «кулранг зонада».

Днипропетровск областида ҳозир нималар бўлмоқда?

Россия ҳарбийларининг бу ҳудудга бостириб киришидаги дастлабки муваффақиятларни «Центр» гуруҳи таъминлади. Кейинроқ РФ армияси бу ҳудудда Украина қуролли кучларининг қарши ҳужумларига учрагач, асосий эътибор жанубга қаратилди. Бу ерда «Восток» гуруҳи бўлинмалари жанг қилмоқда. Днипропетровск областидаги юришни Россиянинг иккита умумқўшин армияси олиб бормоқда.