29 сентябрь куни Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳуни қабул қилган АҚШ президенти Доналд Трамп Яқин Шарқда тинчликни таъминлашга «яқин» эканлигини айтди. «Энг камида, жуда-жуда яқин», — деди Трамп Оқ уйда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида.

У Исроилнинг Ғазодаги урушини якунлаш ва Ҳамас гаровда ушлаб турган исроилликлар озод этилишини таъминлашга қаратилган янги 20 бандлик режасини баён этди. Трампнинг урушни тугатишга оид режасини Ҳамаснинг музокаралар гуруҳи ўрганмоқда.

Трампнинг тинчлик режаси

Оқ уй эълон қилган тинчлик режаси 20 банддан иборат. У – махсус элчи Стив Уиткофф ва Трампнинг биринчи муддатдаги маслаҳатчиси, куёви Жаред Кушнер томонидан ишлаб чиқилган. Режага кўра, Ғазо қўшниларига «таҳдид солмайдиган, террордан холи» ҳудудга айлантирилади ва ғазоликларга фойда келтириш мақсадида қайта ривожлантирилади.

- Агар икки томон ҳам ушбу таклифга рози бўлса, уруш дарҳол тугайди. Исроил кучлари гаровдагиларни озод қилишга тайёргарлик кўриш учун келишилган чизиққача чекинади. Бу вақт давомида барча ҳарбий операциялар музлатиб қўйилади.

- Исроил ушбу келишувни омма олдида қабул қилганидан кейин 72 соат ичида барча гаровдагилар – тирик ва вафот этганлар қайтарилади. Барча гаровдагилар озод этилгач, Исроил умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 250 маҳбусни, 7 октябр воқеаларидан кейин ҳибсга олинган 1700 нафар ғазоликни озод қилади.

- Барча гаровдагилар қайтарилгач, қуролларини топширишга рози бўлган ҲАМАС аъзоларига амнистия берилади. Ғазони тарк этишни истаган ҲАМАС аъзоларига қабул қилувчи мамлакатларга хавфсиз ўтиш таъминланади.

- Ушбу келишув қабул қилингач, Ғазо секторига дарҳол тўлиқ ҳуманитар ёрдам киритилади. Ғазода ёрдамни киритиш ва тарқатиш икки томоннинг аралашувисиз БМТ ва унинг агентликлари, Қизил Ярим Ой жамияти ҳамда ҳар икки томондан мустақил бўлган бошқа халқаро институтлар орқали амалга оширилади.

- Ғазо вақтинчалик ўтиш даври бошқаруви остида, сиёсий жиҳатдан бетараф, технократ фаластинлик қўмита томонидан бошқарилади. Қўмита фаолиятини раиси Трамп бўлган «Тинчлик кенгаши» назорат қилиб боради. Бу тизимлар Фаластин Маъмурияти ислоҳот дастурини тўлиқ якунлагунига қадар ишлайди.

- Ғазони қайта қуриш ва иқтисодий жиҳатдан жонлантириш учун Трампнинг иқтисодий ривожланиш режаси тузилади. Махсус иқтисодий зона ташкил этилади. Ҳеч ким Ғазодан мажбуран чиқарилмайди: кетишни истаганлар эркин чиқиб кетиши ва қайтиши мумкин бўлади.