BBC’нинг АҚШ давлат департаментидаги мухбири Том Бейтман Трампнинг Яқин Шарқ учун тинчлик режаси юзасидан мулоҳазаларини баён этди.
Бу Америка президентига хос муболаға. Аммо унинг душанба куни Оқ уйда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашувда билдирган таклифи, Трампнинг баландпарвоз баёнотлари даражасида амалга ошмаса ҳам, дипломатик жараёндаги муҳим қадамдир.
Режа Ғазонинг урушдан кейинги келажаги бўйича Оқ уй позицияси ўзгаришини кўрсатади ва Нетаняҳуга Вашингтон ҳозирги келишувга рози бўлиши учун қўллашга уринганидан кўра кўпроқ босим ўтказишни назарда тутади.
Ушбу режа амалга ошиш-ошмаслиги доимий фундаментал саволга боғлиқ: Нетаняҳу ҳам, Ҳамас раҳбарияти ҳам урушни давом эттиришдан кўра, уни ҳозир тугатиш фойдалироқ деб ҳисоблайдими?
Ҳамаснинг жавоби ҳозирча аниқ эмас. Гуруҳ вакилларидан бири бу режани пессимистик баҳолаган ва BBC билан суҳбатда унинг шартлари фаластинликлар манфаатларини ҳимоя қилмаслиги ҳамда Исроилнинг Ғазодан чиқиши кафолатланмаса, Ҳамас ҳеч қандай таклифга рози бўлмаслигини айтган.
Нетаняҳу АҚШ президенти билан учрашувда Исроил Трамп режасининг 20 та бандини қабул қилишини, бироқ унинг коалициясининг ултраўнг қисми уларнинг баъзиларини аллақачон рад этганини айтди.
Режа бандларига рози бўлиш – урушни тугатиш дегани эмас. Нетаняҳунинг ўзи буни рад этаётган бўлса-да, унинг Исроилдаги рақиблари бош вазирда келишувлар унинг ҳокимиятда қолишига зарар етказадиган бўлса, уларни бузиш одати борлигини айтишмоқда.
Шундай экан, Трампнинг таклифи АҚШ президенти жуда қаттиқ хоҳлаётган ютуқ учун етарли бўлиши қийин. Режада Исроил ва Ҳамаснинг сиёсий доиралари учун ҳамон тўсиқлар мавжуд бўлиб, улар охир-оқибат келишувга эришишига йўл қўймаслиги мумкин.
Бундан ташқари, режа ҳар икки томон ҳам буни қабул қилиши ва кейинчалик музокаралар давомида ўз рақибларини муваффақиятсизликда айблаш орқали битимни саботаж қилиши мумкин бўлган интерпретация учун етарли жой қолдиради.
Кўп ойлар давомида биз айнан шунга гувоҳ бўлиб келмоқдамиз. Ва агар сценарий такрорланса, Трамп маъмурияти қайси тараф бўлиши аниқ – Исроил томонида.
Трамп Нетаняҳуни бунга ишонтирмоқда. АҚШ президенти душанба куни агар Ҳамас бу таклифга рози бўлмайдиган бўлса, унда Исроил бош вазири «қилиниши керак бўладиган ишни қилиши учун тўлиқ қўллаб-қувватланиши»ни айтди.










