Воқеалар занжири ва нима ўзгарди?

2024 йил 14 октябр куни Қозоғистоннинг Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Telegram билан маҳаллий вакил тайинлаш ва офис очиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди. Бу расмий хабар платформанинг мамлакатда қонуний талабларга мослашиши йўлида муҳим қадам бўлди.

Орадан кўп ўтмай, 2024 йил 31 октябрда сенаторлар йиғилишида вазир Жаслан Мадиев офис AIFC (Astana International Financial Center) ҳуқуқий майдонида рўйхатдан ўтказилаётганини, контент модерацияси учун масъул шахс ҳам тайинланганини айтди.

2025 йил 27 июнда Телеграм Astana Hub — Марказий Осиёдаги йирик инновацион кластер аъзолигига қабул қилинди. Бу амалда компаниянинг Қозоғистон IT-экотизими билан тизимли ишлаш ниятини кўрсатди.

2 октябр куни Павел Дуров Digital Bridge 2025 форумида Астанада Alem.ai биносида махсус сунъий интеллект лабораторияси очилаётганини маълум қилди. Расмийларга кўра, Telegram Қозоғистонда офисни ишга туширди, Astana Hub’га қўшилди ва СИ лабораториясини очди.

Қонунчилик: нега офис очиш талаб қилинди?

Қозоғистонда 2023 йил қабул қилинган “Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида”ги қонун мамлакатда ҳар куни 100 мингдан ортиқ фойдаланувчига эга ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан маҳаллий вакил (юридик шахс) бўлишини талаб қилади. Шунингдек, тақиқланган контентни расмий талаб бўйича олиб ташлаш механизмлари ҳам бу ҳужжатда келтириб ўтилганди. Яъни агар Telegram офис очмаса, платформа Қозоғистон ҳудудида блокланиши мумкин эди.

Бозор омили: нега айнан Қозоғистон?

Telegram Қозоғистонда ниҳоятда оммабоп: ойлик 12,5 млн фойдаланувчи бор. Бу — 20 млн аҳолининг ярмидан кўпроғи дегани. Шу боис платформа учун Қозоғистон стратегик бозор бўлиб, ҳуқуқий мослашув қарорини тезлаштирган. Яъни Telegram учун ҳам платформа блокланганидан кўра бир офис очиш маъқулроқ қарор эди.

Офис қаерда ва қандай ишлайди?

2024 йил 31 октябрда вазир Мадиев офис AIFC (Astana International Financial Center) асосида рўйхатдан ўтаётганини айтганди. Вазирлик расмий баёнотида маҳаллий вакил тайинлаш ва ноқонуний контентни тезкор олиб ташлаш бўйича ҳамкорлик қайд этилган. Сенатдаги чиқишда эса “контент модерацияси учун масъул шахс аллақачон тайинланган”и айтилган.