Украина президенти Володимир Зеленский Россия Европанинг исталган нуқтасида дронлардан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. «Агар руслар Полшага қарши учувчисиз учоқлардан фойдаланишга ёки Шимолий Европа давлатлари ҳаво ҳудудини бузишга журъат этса, бу ҳар қандай жойда – Ғарбий Европада, жанубда содир бўлиши мумкин», деди у 2 октябр, пайшанба куни Копенҳагенда бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамиятининг йиғилишида.
Зеленский учувчисиз учоқларга қарши тура оладиган «тезкор ва самарали жавоб ва мудофаа кучларини» яратиш зарурлигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, Украина Россия билан уруши туфайли дрон ҳужумларига қарши курашда «эҳтимол дунёдаги энг катта тажрибага эга» ва буни Дания билан баҳам кўришга тайёр.
Копенҳагендаги Европа сиёсий ҳамжамияти саммити олдидан номаълум дронларнинг Дания аэропортлари ва ҳарбий объектлари устидан кўп сонли парвозлари кенг хавотирга сабаб бўлди. Гарчи бу дронларнинг келиб чиқиши ҳали аниқланмаган бўлса-да, Европанинг бир қанча ҳукуматлари Россия иштирокини гумон қилмоқда. Москва айбловларни рад этди.
Сўнгги ҳафталарда НАТО давлатлари Полша, Эстония ва Руминия ҳам ўз ҳаво кенгликлари Россия учувчисиз учоқлари ва ҳарбий самолётлари томонидан бузилгани ҳақида хабар берди.








