Урғочи чивинларга тухум қўйиш учун қон зарур. Аввалги тадқиқотларнинг аксарияти ҳашаротлар одамни ҳид ёки иссиқлик орқали қандай топишига қаратилган бўлса, чақиш жараёнининг ўзи нисбатан кам ўрганилган эди.
Олимлар Anopheles coluzzii турига мансуб безгак чивинларининг сезги аъзоларига жуда ингичка электр симларини улаган. Бу усул ҳашарот хартуми инсон териси остига кирган пайтда кучланишдаги энг кичик ўзгаришларни ҳам реал вақтда қайд этиш имконини берган. Электр сигналлари юқори тезликда олинган видеотасвирлар билан таққосланган.
Натижада тадқиқотчилар чақишнинг беш босқичини ажратган: терини тешиш, қон томирини излаш, қонни сўриш, хартумни чиқариш ва чақишни тўлиқ якунлаш.
Кузатувларга кўра, чивин терини тешаётганда оёқлари ва оғиз атрофидаги сезгир аъзоларини ҳам ишга солади. Қон сўриш бошланганида эса ҳашарот бутунлай қимирламай қолади. Тадқиқот натижалари Science Advances журналида эълон қилинган.
Олимлар безгак чивинининг хатти-ҳаракатини денге безгагини тарқатувчи Aedes aegypti тури билан ҳам солиштирган. Безгак чивини тери остидаги қон томирини ўртача 17 сония тезроқ топиши аниқланган.
Шунга қарамай, ҳар икки турда чақишнинг умумий давомийлиги деярли бир хил — тахминан икки ярим дақиқа бўлган. Уларнинг эволюцион йўллари қарийб 150 миллион йил аввал ажралганини ҳисобга олиб, тадқиқотчилар бу турлар самарали озиқланиш усулига бир-биридан мустақил равишда келган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Алоҳида тажрибаларда чивинларнинг ҳид сезиш билан боғлиқ IR76b гени фаолияти ўчирилган. Шундан сўнг ҳашаротлар қон томирини мақсадли излаш қобилиятини деярли йўқотган ва муваффақиятли қон сўриш эҳтимоли кескин пасайган.
Муаллифларнинг фикрича, чивиннинг тери остида қандай ҳаракатланиши ва сезги аъзоларидан қай тарзда фойдаланишини тушуниш келажакда у тарқатадиган инфекциялардан ҳимояланишнинг самаралироқ воситаларини яратишга ёрдам бериши мумкин.

















