Жаҳон | 08:50 / 06.10.2025
3440
3 дақиқада ўқилади

Сурияда Асад ағдарилганидан кейин биринчи сайловлар бўлиб ўтди

Сурияда Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин илк парламент сайловлари бўлиб ўтди. Улар тўғридан тўғри бўлмади, сайловчилар коллегияси аъзолари овоз берди. Бундан ташқари, «хавфсизлик нуқтаи назаридан» мамлакатнинг 14 вилоятидан учтасида сайловлар ўтказилмади.

Фото: Mahmoud Hassano/REUTERS

Сурияда президент Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин илк парламент сайловлари бўлиб ўтди. Овоз бериш 5 октябр, якшанба куни бўлиб ўтди ва натижалар бир ёки икки кундан кейин маълум бўлади.

Бир палатали Сурия Халқ кенгаши янгиланиш имконияти билан 30 ой муддатга сайланадиган 210 аъзодан иборат бўлади. Уларнинг учдан бир қисмини 2025 йилнинг январида мамлакатнинг ўтиш даври ҳукумати даврида иш бошлаган президент Аҳмад аш-Шаръа тайинлайди. Қолган аъзолар аш-Шаръа томонидан тайинланган сайловчилар коллегияси томонидан тузилган минтақавий қўмиталар томонидан танланади.

Шунингдек, июл ойида дарзийлар ва бадавийлар ўртасида тўқнашувлар содир бўлган жанубий Ас-Сувайда вилояти, шунингдек, қисман курдларнинг Сурия демократик кучлари (СДК) томонидан назорат қилинадиган шимоли-шарқий Ҳасака вилояти ва шимолий Раққа вакиллари учун 32 ўрин бўш қолдирилади. Ўтиш даври ҳукуматига кўра, мамлакатнинг 14 вилоятидан учтасида сайловлар хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар туфайли қолдирилган.

Сайловда қатнашиш учун жами 1578 киши рўйхатдан ўтган, номзодларнинг атиги 14 фоизини аёллар ташкил этади. Уларга қўйиладиган талаблар орасида Асаднинг «аввалги тузуми тарафдори» бўлмаслик, ҳар қандай сепаратистик ғояларни қўллаб-қувватламаслик ҳам бор.

Сентябр ойида аш-Шаръа ҳозирча тўғридан тўғри сайловлар ўтказиш мумкин эмаслигини айтди. Бунинг сабаблари орасида ҳақиқий ҳужжатларга эга бўлмаган ички кўчирилганлар ва хорижда яшаётган сурияликларнинг кўплиги келтирилди. Шунинг учун қўмиталар ва сайлов коллегиялари овоз берди, шунга бу Сурияда Асад режими ағдарилганидан бери «билвосита» биринчи сайловлар деб аталди.

Ушбу сайлов формати баъзи сурияликларнинг кескин танқидига сабаб бўлди, уларга кўра сайлов жараёни эҳтиёткорлик билан назорат қилинди ва юзаки фарсни ифодалади. Бироқ Қатарда жойлашган Араб Сиёсат тадқиқотлари маркази томонидан июл ўрталари ва август ойлари ўрталарида ўтказилган сўнгги сўров натижаларига кўра, сўровда қатнашган 4000 га яқин сурияликнинг 57 фоизи ҳозирги сиёсий вазиятни ижобий деб ҳисоблаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид