Аёллар дунёси | 15:44 / 09.10.2025
3942
3 дақиқада ўқилади

Аёлга олтин совға қилиш — бу фақат ҳадя эмас, келажакка инвестиция

Гул, атир ва ювелир зийнатлар — ҳозирги лаҳза учун. Аммо олтин қуйма — аёлнинг эртанги куни учун қийматли кафолат.

Фото: Марказий банк

Совға танлаш — эркак учун доим синов. Чунки ҳар бир аёл керакли совға истайди. Бугун эса совғадаги қиммат эмас, балки маъно ва фойдали ғамхўрлик қадрланади. Шунинг учун дунёда тобора кўпроқ эркаклар аёлларига олтин қуйма (лом олтин) ҳадя қилишни одатга айлантира бошлади.

Нега айнан олтин қуйма?

  1. Қиймати вақт ўтиши билан ортади. Бу — ҳар қандай инфляцияга қарши кафолат. Агар ювелир тақинчоқ қайта сотилса, олинганига нисбатан анча арзон сотилади, лекин лом олтин — тозалиги билан қимматини сақлайди.
  2. Олтин — аёл учун нафақат безак, балки келажак кафолатидан далолат.
  3. Авлоддан-авлодга ўтувчи сармоя ҳам ҳисобланади. Бугун турмуш ўртоғингизга берган қуйма олтин — эртанги кунда қизингиз ёки неварангиз учун молиявий кафолат бўлиши мумкин.

Қуйма — аёл қўлидаги “ҳаёт захираси”

Ҳар бир аёлда “эҳтиёт жамғармаси” бўлиши лозим, айниқса у оилада турмуш, болалар, уй вазифалари билан банд бўлса. Олтин қуйма — бу унинг ижтимоий ва молиявий ҳимояси, керак пайтда жисмонан ёрдам берувчи актив саналади.

9 октябр ҳолатига кўра Марказий банк маълумотларига кўра, 5 грамм олтин нархи 8 043 000 сўмни ташкил қилади. Банк томонидан олтинлар 5, 10, 20 ва 50 грамм бўлган олтин қуймалари таклиф этилган. Бу қуймалар 999,9 пробада бўлади.

Қуйма олтинни қаердан олиш мумкин?

Бугун кўплаб банк ва расмий дилерлар турлича оғирликдаги қуймаларни таклиф этмоқда. Улар махсус сертификат билан берилади ва онлайн тарзда ҳам сотиб олиш мумкин. Уни истасангиз ўз ёнингизда, истасангиз банк ҳисобида сақлашингиз мумкин. Борди-ю қачондир сиз уни сотишни режа қилсангиз банк ўша пайтдаги тилла нархида сотиб олади ва сизга пул берилади. Бугунги кунда тилла нархининг ошиб бориш тенденциясида олтин хариди самарали инвестиция бўлиб қолмоқда. Масалан, 2025 йил бошидан бери шу кунга қадар олтин 38,7 фоизга қимматлашди.

Шунингдек, айрим эркаклар ҳар ойда кичик миқдорда олтин олиб, аёлининг шахсий “олтин жамғармаси”ни тўплаб боришни танламоқда. Бу нафақат севги ва ҳимоя рамзи, балки ҳақиқий оилавий инвестиция.

Аёлга берилган ҳар бир совға вақт билан ўз қадрини йўқотади. Фақат олтин вақт ўтиши билан янада қимматлашади.

Демак, бу — нафақат муҳаббат, балки масъулият билан берилган энг оқилона совға.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид