Президент Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё – Россия» форматидаги иккинчи саммитда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий барқарорликни биргаликда таъминлашга қаратилган кўплаб ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан:

– биргаликда қабул қилинган қарор ва лойиҳалар ижросини тезлаштириш учун ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш таъсис этишни таклиф қилди;

– товар айирбошлашни кўпайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш жараёнларини енгиллаштириш мақсадида «Марказий Осиё – Россия агроэкспресси» лойиҳасини ишга туширишни таклиф қилди;

– автомобил, темир йўл ва авиация алоқалари соҳасида миллий дастурларни уйғунлантириш учун мамлакатларимиз Транспорт-логистика контурини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди;

– Бухоро шаҳрида илғор муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга қаратилган «Марказий Осиё – Россия» саноат инжиниринг хабини ташкил этишни таклиф этди;

– Тошкентда ўтказиладиган «Иннопром. Марказий Осиё» кўргазмали форумига минтақанинг асосий саноат ва инновация майдони мақомини бериш таклифи билан чиқди;

– атом энергетикаси йўналишида Минтақавий компетенциялар марказини Ўзбекистонда ташкил этиш, шунингдек, Москва давлат муҳандислик-физика институтининг Тошкент филиали негизида Кадрлар тайёрлаш дастурини қабул қилиш ташаббусини билдирди;

– «Марказий Осиё ва Россия энергетик шериклиги» комплекс дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, углеводородларни қидириш ва қайта ишлаш, энергия тежовчи ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ташаббусини илгари сурди;

– Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича Минтақавий эксперт кенгашини ташкил этиш, шунингдек, мамлакатларда Россиянинг «Сколково» инновация маркази филиалларини очишни таклиф этди;

– «Келажак муҳандислари» консорциумини тузиб, Марказий Осиё ва Россиянинг етакчи олийгоҳлари ва илмий марказлари салоҳиятини бирлаштириш ҳамда ёш тадқиқотчилар ва олимлар учун Махсус грантлар дастурини таъсис этиш ғоясини илгари сурди;